Наманганда Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги раҳбари Улуғбек Ҳусаинов, Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Оқибжон Имомов ҳамда “Taraz Agriculture Production” компанияси директори Ёрг Андреас Динкелакер ва компания ҳаммуасиси Тиме Торстен иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Наманганда мева етиштиришдан бошлаб, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш мажмуасини бошқариш бўйича Германия тажрибаси тақдимот қилинди. Ушбу тажриба асосида Янгиқўрғон туманида меваларни сақлаш ва экспорт қилиш мажмуасини қуришга келишилди.


Жумладан, дастлабки босқичда лойиҳа доирасида кунига 2 тонна мевани қайта ишлашга мўлжалланган ускуналарнинг етказиб берилиши (жорий йил ёзигача), кейинчалик қувватларни 23 тоннага (йил охиригача) ёки йилига 8 минг тоннага етказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Қолаверса, лойиҳа доирасида нафақат ишлаб чиқариш жараёнларини йўлга қўйиш, балки соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда замонавий технологияларни ўзлаштириш бўйича тизимли ўқув курсларини ташкил этиш кўзда тутилган.


– Лойиҳамиздан мақсади қуритилган мевалар, табиий озиқ-овқат қўшимчалари ишлаб чиқиш учун олма, олхўри ва ўрикни қайта ишлаш ва келгусида Наманган бренди остида тайёрланган табиий маҳсулотларни Европа Иттифоқи ва Форс кўрфази мамлакатларига экспорт қилишдир, – дейди Бошқарув самарадорлиги агентлиги раҳбари Улуғбек Ҳусаинов. – Бу эса, нафақат маҳаллий боғбонлар учун кафолатланган бозор, балки ҳудуд иқтисодиёти ривожи учун янги имкониятдир. Қайд этиш лозимки, лойиҳа амалга ошириладиган мажмуа ҳудудида ҳароратни сақлашнинг автоматлаштирилган тизимларига эга бўлган омборлар қурилиши, Европа ва Хитой мамлакатларида ишлаб чиқарилган қуритиш камераси ва ўриндиқли қуритгичлар, зангламайдиган пўлатдан тайёрланган цистерналарни барпо этиш кўзда тутилган. Мазкур ускуналар ёрдамида қайта ишлаш орқали энг паст сифатли меваларни ҳам юқори қийматли маҳсулотга айлантириш мумкин бўлади.
Инвесторлар Янгиқўрғон туманида ҳам бўлиб, мажмуа ҳудуди ва инфратузилма имкониятларини кўздан кечирди. Табиий иқлим ва қулай логистика шароитлари лойиҳанинг муваффақияти учун мустаҳкам пойдевор бўлиши таъкидланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.