Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Германия тажрибаси асосида ҳунар ўрганаётган ёшлар
19:56 / 2026-03-05

Президент ташаббуси билан мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш, ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Германия Федератив Республикаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Авестос” лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилоятида бир қатор техникумларда янги таълим йўналишлари жорий этилди.

Мазкур лойиҳа асосида Чироқчи туманидаги 3-сонли техникумда ҳам ёшлар замонавий касбларни эгаллаш билан бирга немис тилини ўрганиш имкониятига эга бўлмоқда.

Техникум ўқувчиларидан бири, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган 19 ёшли Хуршид Маҳмудов ҳам ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланиб келаётган ёшлардан.

– Мактабни тугатганимга бир йил бўлди, – дейди Х.Маҳмудов. – Ҳозирда Чироқчи туманидаги 3-сонли техникумда “Авестос” лойиҳаси доирасида таҳсил оляпман. Бу ерда металлга ишлов бериш касбини ўрганмоқдамиз. Шу билан бирга немис тилини ҳам ўрганяпмиз. Мақсадим тилни пухта ўзлаштириб, келгусида Германияда металлга ишлов бериш соҳасида ишлаш.

Таъкидлаш жоизки, мазкур лойиҳа ёшларни касбга йўналтириш, уларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис бўлиб етишишига хизмат қилмоқда.

[gallery-27995]

Германия билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида вилоятдаги олти техникумда таълим жараёнлари йўлга қўйилган.

– Бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан таълим соҳасида қатор ижобий ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – дейди Чироқчи тумани 3-сонли техникуми директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Фазлиддин Саидов. – Германия Федератив Республикаси билан ҳамкорликда “Аусбилдинг” тизими асосида “Авестос” лойиҳаси йўлга қўйилди. Қашқадарё вилоятидаги олти техникумда ушбу дастур асосида таълим бериляпти. Шулардан бири Чироқчи туманидаги 3-сонли техникум ҳисобланади. Ҳозирги кунда лойиҳа бўйича 32 нафар ўқувчимиз таҳсил олмоқда.

Унинг айтишича, ўқувчиларга немис тилини ўргатиш билан бир қаторда, уларга амалий касб-ҳунар ҳам ўргатилмоқда.

– Ҳозир техникумимизда яна 60 нафар ўқувчи немис тили курсларида таълим олмоқда, – дейди Ф.Саидов. – Уларнинг бир қисми маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ҳисобланади. Ёшларга тил ўргатиш билан бирга металлга ишлов бериш касби ҳам ўргатилмоқда. Келгусида электромонтёрлик, автомобилларни таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш, қурилиш ҳамда тикувчилик йўналишларини ҳам жорий этиш режалаштирилган.

Мазкур дастур асосида ўқувчилар Германия технологиялари асосида таълим олади. Таълим жараёни 2,5 йил давом этади. Бу вақт мобайнида ўқувчилар касбий кўникмалар билан бирга хорижий тилни ҳам пухта ўзлаштиради.

– Тилни яхши ўзлаштирган ўқувчилар Германияга малака ошириш учун ҳам юборилади, – дея фикрини давом эттиради Фазлиддин Саидов. – Таълимни муваффақиятли якунлаган ёшлар Германия давлатининг дипломига эга бўлади. Дастур бўйича таълим олиш бепул. Шунингдек, лойиҳа бошланганидан буён техникумимиздан 4 нафар ишлаб чиқариш таълими усталари Германияда икки ой давомида малака ошириб қайтишди ва ҳозир ўқувчиларга дарс бериб келмоқда.

Мутахассислар фикрича, бундай лойиҳалар ёшларнинг касб эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши ва халқаро меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари