Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Германия Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлишни истайди
08:28 / 2022-09-20

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан кейин Ўзбекистон фуқароларининг манфаатлари ва турмуш фаровонлигини юксалтириш давлат сиёсатининг диққат марказида бўлади, деган хулосага келдим. Иқтисодиётни ва, умуман, жамиятни эркинлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади – бу тўғри йўналишдаги муҳим қадам.

Президент Шавкат Мирзиёев Германия Ўзбекистоннинг жуда муҳим ҳамкори эканини алоҳида таъкидлаб келади. Дарҳақиқат, биз жуда яқин ҳамкорлик алоқаларига эгамиз ва уларни янада ривожлантириш тарафдоримиз.

Германия ва Марказий Осиё алоқалари сўнгги йилларда ижобий тенденция асосида ривожланаётганини қайд этиб ўтиш лозим. Марказий Осиё давлатларида ўзаро сезиларли фарқлар ҳам мавжуд. Тўла ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон сўнгги 5 йилда сезиларли ижобий натижаларга эришди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ўз иқтисодиётини модернизациялаш борасида ҳам сезиларли ривожланишга эришаётгани эътиборга молик. Умид қиламанки, пандемия оқибатлари бу тараққиётга салбий таъсир кўрсатмайди. Ўз навбатида, Германия Ўзбекистонга ҳамкорликни кенгайтириш, тараққиёт мақсадлари йўлида молиявий ёрдам масаласида қўллаб-қувватлаш, хусусан, соғлиқни сақлаш, кичик ва ўрта тадбиркорлик, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга доим ҳаракат қилади.

Ўзбекистон ва Германия ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик фаол ривожланмоқда.

2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегациясининг Германия Федератив Республикасига ташрифи доирасида икки давлат ўртасида инвестиция, савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон «ГСП+” бенефициар мамлакати мақомини олди. Бу эса, Ўзбекистон маҳсулотларини бозорларимизга божхона тўловларисиз етказиб бериш имкониятини тақдим этди. Ўзбекистондан Европага ўзбек мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича биргаликда иш олиб бораяпмиз.

Янги Ўзбекистон дунё ҳамжамияти олдида янги қиёфада қад ростлади. Ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп. Аммо сўнгги йилларда Ўзбекистон минтақада ва халқаро майдонда юқори поғонага кўтарилиб олди десак, асло муболаға бўлмайди.



Тило КЛИННEР,

Германия Федератив Республикасининг

Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси