Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров Берлин шаҳрида Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси бош директори Михаел Хармс раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Учрашувда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишда савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, GSP+ тизими доирасида Европа давлатларига маҳсулот экспорти турларини кенгайтириш, техник тартибга солиш ва стандартлаштириш соҳасида икки ва кўп томонлама алоқаларни янада ривожлантириш масалалари бўйича атрофлича фикр алмашилди.

Немис компанияларининг илғор тажрибалари асосида "яшил" энергетика, IT, сифат инфратузилмани ривожлантириш соҳаларидаги лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдан манфаатдорлик билдирилди. Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси билан кенг қамровли ҳамкорликка қаратилган ҳужжат имзоланди.

Шундан сўнг Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров бошчилигидаги мамлакатимиз вакиллари Берлин шаҳрида Германия Федерал физика-техник институти директори ўринбосари Тобиас Шеффтер билан учрашув ўтказди.
Янги лойиҳа доирасида сифат инфратузилмасини ривожлантириш, мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш ва аккредитация соҳасида самарадорликни ошириш мақсадида немис мутахассисларини Ўзбекистонга жалб қилиш ва Глобал сифат инфратузилмаси индексига оид масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Германия Федерал физика-техник институтининг мавжуд метрология лабораториялар фаолияти билан танишилди. Учрашув натижасига кўра, 2025-2028 йилларда "Ўзбекистон иқтисодиёти учун миллий сифат инфратузилмасини ислоҳ қилиш ва хизматларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш" лойиҳаси (1,5 млн. доллар)ни амалга оширишга қаратилган келишув имзоланди.
Бундан ташқари, Германиянинг Штутгарт ва Франкфурт шаҳарларида ҳамкорлик юзасидан муҳим учрашувлар бўлиб ўтди. Хусусан, Штутгарт шаҳрида жойлашган "Hohenstein Laboratories GmbH & Co. KG" институти ҳамда Франкфурт шаҳридаги VDE синов ва сертификатлаштириш институти вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Мулоқот чоғида мамлакатимизда электротехника ва тўқимачилик соҳасида ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестицияларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, 2024 йилда электротехника маҳсулотлари 1 млрд.га, тўқимачилик маҳсулотлари 2,8 млрд.га етгани ва бунда Ўзбекистон минтақавий электротехника ва тўқимачилик хабига айланиши мумкинлиги қайд этилди.

Текстил ва электротехника маҳсулотларида қўлланилаётган халқаро стандартлар ва методлар, ОEКО ТEХ сертификати, СЕ маркировкаси, лабораториялар фаолиятини такомиллаштириш, маҳсулотларни экспорт қилишда синовларнинг ўрни, мутахассислар тайёрлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
"Hohenstein Laboratories GmbH & Co. KG" институти, VDE синов ва сертификатлаштириш институти вакиллари Ўзбекистонда рақобатбардош корхоналар ошиб бораётганидан мамнунлигини ва бунда ҳар томонлама ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирди.
Учрашув натижасига кўра, “Hohenstein Laboratories GmbH & Co. KG” институти ва VDE синов ва сертификатлаштириш институти билан текстиль ва электротехника маҳсулотлари синови бўйича ҳамкорлик қилишга ҳамда агентлик мутахассислари учун тренинг-курслар ташкил этишга келишиб олинди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА