Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Германия компанияси Европа бозори учун Фарғонада маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўяди
10:37 / 2022-05-25

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Германиянинг “Teamdress Holding GmbH” компанияси директори Коринна Хорндал ҳамда "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси раисининг германиялик халқаро маслаҳатчиси Мартин Шоршни қабул қилди.

Учрашувда Фарғона вилояти тикув-трикотаж соҳаси салоҳиятидан фойдаланган ҳолда Европа бозори учун Фарғонада маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди. 

“Teamdress Holding GmbH” компанияси Европада иқтисодиётнинг турли соҳалари ходимлари учун иш кийимлари етказиб берувчи йирик тузилмалардан бири ҳисобланади. 100 йилдан зиёд тарихга эга компаниянинг бош қароргоҳи Гамбург шаҳрида жойлашган. Компания дунёнинг турли мамлакатларида жойлашган саноат корхоналари, соғлиқни сақлаш, ўт ўчириш, қутқарув хизматлари, умумий овқатланиш тармоғи ходимлари, ишчилар ва бошқа соҳа вакиллари учун махсус кийим ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар тармоғига эга.

Коринна Хорндал Ўзбекистоннинг, хусусан, Фарғона вилоятининг текстиль соҳасидаги имкониятларини юқори баҳолаб, “Teamdress Holding GmbH” айнан шу сабабдан Фарғонада ўз буюртмаларини жойлаштиришни режалаштираётганини қайд этди. Шунингдек, келажакда буюртма бериладиган кийим-кечаклар учун керакли аралаш матоларни вилоят ҳудудида ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳам кўзда тутилмоқда. 

Вилоятдаги текстиль корхоналари билан ҳамкорлик жараёнида ишлаб чиқариш жараёнининг самарадорлигини ошириш ҳамда сифатини юксалтириш мақсадида германияликлар томонидан махсус халқаро AAMT дастури ёрдамида ўқув амалиётлари ҳам ташкил этиш кўзда тутилган. Вилоят ҳокимининг таклифи билан Коринна Хорндал ва Мартин Шорш Учкўприк туманида янги барпо этилган Бобошбек савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаси имкониятлари билан танишади, маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорлик борасида мулоқот ўтказади. 

Шунингдек, тикувчилар учун махсус курслар ташкил этиш масаласида Фарғона шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бўлишади.

М. Сулаймонов,
ЎзА