Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Германия “Knauf” компаниясининг Ўзбекистондаги учинчи заводи Фарғонада ишга тушди
17:38 / 2022-07-20

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани “Шўрсув” ҳудудида гипс асосидаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи Германиянинг “Knauf” компаниясининг янги корхонаси ишга туширилиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, “Knauf” компанияси ҳаммуассиси Николаус Кнауф, “Knauf” гуруҳининг бошқарувчиси Уве Кноцер, Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди. Дастлаб иштирокчилар корхонадаги замонавий ишлаб чиқариш линиялари ҳамда ўрнатилган дастгоҳлар билан танишди.

Умумий лойиҳа қиймати 18,7 миллион евро бўлган ва йиллик 17 миллион квадрат метр гипсокартон листлари ҳамда 40 минг тонна қуруқ қурилиш аралашмаларини ишлаб чиқариш қувватига эга завод модулли технология асосида 2,5 йилда қуриб битказилган. Натижада бу ерда 80 та янги иш ўрни яратилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва “Knauf” компанияси раҳбарияти иштирокида корхонадаги ишлаб чиқариш линиялари ишга туширилди. Бу завод Фарғона вилоятининг иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шундан сўнг хорижлик ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Сўз олганлар Ўзбекистон ва Германия ўртасида кун сайин алоқалар ривожланиб бораётгани, давлатимиз раҳбарининг 2019 йилда Германияга расмий ташрифи ва у ердаги сармоядорлар билан учрашуви ўзининг ижобий самарасини кўрсатаётгани эътироф этилди. “Knauf” компаниясининг Ўзбекистондаги учинчи заводи ишга туширилиши бунинг бир исботи эканлиги айтилди.

 Корхонада немис технологияси ва юқори экологик стандартларга мувофиқ юқори сифатли қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши, маҳаллий ва хорижий бозорларга, хусусан, қўшни давлатларга етказиб берилиши маълум қилинди.

Эътиборлиси, “Knauf” компанияси ўзининг хусусий ўқув марказларида шунингдек, олий таълим муассасалари ва коллежлари билан ҳамкорликда малакали мутахассислар тайёрлашни ҳам йўлга қўйган. Шу орқали ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Тадбирда ана шулар хусусида ҳам сўз борди.

М.Сулаймонов, ЎзА