ГЕРМАНИЯ: газеталар яна 10 йил бемалол яшай олади
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирлари Германиянинг Мюнхен шарида “Зюддойче цайтунг” нашри фаолияти билан танишди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирлари Германиянинг Мюнхен шарида “Зюддойче цайтунг” нашри фаолияти билан танишди.
Дунёнинг етакчи давлатлари ҳам қоғоз нашрларнинг камайиб боришидан азият чекмоқда. Аммо, Германиянинг олди нашрларидан бири “Зюддойче цайтунг” газетасининг халқаро бўлими раҳбари Стефан Кёлннинг айтишича, Германияда газеталар яна 10 йил бемалол яшай олади. Бунинг сабаби – аҳолида газета ўқиш маданияти шаклланган.
Германия аҳолиси айни дамда 80 миллион бўлиб, уларнинг 50 миллиони газета мутолаасидан воз кечмаган. Ушбу мамлакатда ҳар куни 320 та таҳририятдан 1500 хил номдаги газеталар чиқади. Ўнга яқин нашрлар интернетда пуллик бўлиб, ўз муштарийларига эга.

Рақамли технологиялар журналистлар фаолиятига таъсир этмасдан қолмайди. Газеталар ўз интернет саҳифаларини ташкил этиб, уни ҳам босма нашр билан биргаликда олиб бормоқдалар.
Қолаверса, ижтимоий тармоқлар ҳам медиа майдонга айланиб улгурди. Ўзини ҳурмат қилган нашр ана шу уч майдонда ҳам фаол равишда ўз ўқувчиларига эга бўлиб бормоқда.
Хусусан, Германиянинг энг биринчи нашрларидан ҳисобланган “Зюддойче цайтунг” газетасида 530 нафар журналист фаолият олиб боради ва 40 нафар хорижий мухбирларга эга.
Нашрнинг халқаро бўлими раҳбарининг айтишича, газета тамомила хусусий бўлиб, таҳририят фаолиятига таъсисчи умуман аралашмайди.

Нашрнинг интернет шакли ҳам тезда оммалашиб бормоқда ва ундан кунига 8 миллион ўқувчи фойдаланади. Электрон нашрнинг 28 минг нафар пуллик аъзолари бор ва нашр уларни кўпайтириш учун доим ҳаракатда.
Электрон нашр обуна нархи қоғоз нашрга нисбатан арзонроқ. Газетанинг қоғоз нашрининг бир йиллик нархи 160 евро. Одамлар тобора интернет орқали нашрни кузатишга ўтиб бораётганлари сабаб газетада реклама беришга талаб камайиб бормоқда.
Аммо шунга қарамай, Германияда эркин сўз, фикр ҳимояси кучли экани газеталарни ўқишли бўлиб қолишига ёрдам бермоқда.
“Журналистлар халқ ишончини йўқотишдан қаттиқ чўчийдилар. Шунинг учун ҳам мухбирларнинг асосий шиори – холислик ва очиқликдир. Бизда Конститутцион суд доим эркин сўзни ҳимоя қилади. Лекин, фуқаролар шахсиятига аралашишга йўл қўйилмайди”, дейди Стефан Кёлн.

Германия кўчаларида газета сотилувчи қутиларни кўп учратиш мумкин. Улар мутлақо электрон эмас. Одамлар шунчаки, қутидан газетани олиб ёнига пулини ташлаб кетади. Бу ишлар назорат остида эмас.
Бундан ташқари, жамоат транспортларида ҳам газета ўқиётган одамларни кўп учратиш мумкин. Журналистика бу давлатда яхши маошга эга касблардан ҳисобланади.
Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги журналистларининг “Зюддойче цайтунг” нашрига саёҳати Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги офиси томонидан амалга оширилди.