Германия Федерал ҳукуматининг Кўчиб келганлар ва миллий озчилик масаласи бўйича вакили Бернд Фабрициус бошчилигидаги делегация Фарғона вилоятида бўлди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги дўстона муносабатлар турли соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, тарихий илдизлари, давлат раҳбарларининг расмий ташрифлари доирасида ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди. Германиянинг илм-фан ва технология соҳасидаги илғор ютуқлари эътироф этилди.

Вилоят ҳокими иқтисодий соҳалардаги ҳамкорлик, муваффақиятли қўшма лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб келаётгани, уларнинг ҳуқуқлари тўлиқ таъминланаётганига эътибор қаратди. Хусусан, 8 минг нафардан зиёд немис миллатига мансуб фуқаролар юртимизда бахтли ҳаёт кечираётгани, Фарғона шаҳар марказида “Дўстлик уйи” ташкил этилиб, миллий маданий марказлар фаолияти учун барча шароит яратиб берилгани, 1990 йилда ташкил этилган “Видергебурт” немис миллий маданий маркази қошида ҳозирги кунда ёшлар учун 14 та йўналишда тўгараклар ташкил этилгани ҳақида тўхталиб ўтилди.
“Ўзбекистон – Германия” дўстлик жамияти ҳам немис маданияти ва анъаналарини сақлаш, асраб-авайлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани, улар учун зарур ижтимоий ва маданий шароитлар яратилгани таъкидланди.

Фарғона вилоятида ҳам 500 нафарга яқин немис миллати вакиллари истиқомат қилиб, мамлакат тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Учрашувда, шунингдек, фарғоналик ёшлар немис тили курсларида таҳсил олаётгани, айримлари Германияда билим ва малака ошириб, меҳнат фаолияти билан шуғулланаётгани ҳақида ҳам сўз юритилди.
–Мен немис миллатига мансуб фуқаролар Ўзбекистонда, жумладан, Фарғонада эркин ва фаровон ҳаёт кечираётганига гувоҳ бўлдим. Улар учун яратилган шарт-шароитлар таҳсинга сазовор. Мен келгусида Фарғона вилояти ва Германия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмак беришга тайёрман, – деди Германия делегацияси раҳбари Бернд Фабрициус.
Якунда билдирилган таклифлар асосида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Шунингдек, меҳмонлар Марғилон шаҳридаги "Ёдгорлик" корхонаси ҳамда Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон немис маданий маркази фаолияти билан танишди.
М.Сулаймонов, ЎзА