Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Германия билан рақамли иқтисодиёт йўналишида кадрлар тайёрланади
17:16 / 2019-05-21

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Германия Федератив Республикасига ташрифи чоғида кўплаб соҳалар қатори таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, маданий алоқалар ва сайёҳлар алмашинувини кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.


Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Германия Федератив Республикасига ташрифи чоғида кўплаб соҳалар қатори таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, маданий алоқалар ва сайёҳлар алмашинувини кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Ушбу ташрифдан сўнг Тошкент давлат иқтисодиёт университети вакилларидан иборат делегация Германияда бўлиб, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича музокаралар олиб борди.

Университет ректори Баҳодир ХОДИЕВ ташриф тафсилотлари, эришилган келишувлар, ҳамкорликда ҳаётга жорий этилиши белгиланган лойиҳалар ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ташриф доирасида Германиянинг қатор университетларида бўлиб, ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, семинар ва илмий анжуманларда иштирок этиш ҳамда махсус ўқув дастурлари асосида стажировка ва малака оширишларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдик.

"Weihenstephan-Triesdorf" университети президенти Эрик Вулиат, олий таълим муассасасининг халқаро алоқалар бўйича вице-президенти Карстен Лорз ва қишлоқ хўжалиги факультети декани Ральф Шлаудерер билан учрашувда ҳамкорликда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма диплом дастурларини босқичма-босқич амалга ошириш масалаларини муҳокама этдик.

Музокаралар натижасига кўра, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиалини ташкил этишга келишилди. Мазкур филиал нафақат аграр соҳа, балки Марказий Осиё давлатлари учун иқтисодчи кадрларни тайёрлайдиган, икки томонлама диплом беришга мўлжалланган олий ўқув юрти бўлади.

Дастлаб филиалга 2019-2020 ўқув йили учун “Рақамли иқтисодиёт”, “Озиқ-овқат ва ресурслар иқтисодиёти”, “Агробизнес ва маркетинг”, “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” каби таълим йўналишларида талабаларни қабул қилиш режалаштирилган.

"Weihenstephan-Triesdorf" университетида бакалавр дастурлари немис тилида амалга оширилади. Келишувда ҳам немис тили бўйича махсус тил сертификатига эга номзодлар дастурларда иштирок этиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Хорижий тилларни интенсив ўқитиш маркази фаолияти йўлга қўйилди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 100 нафар тингловчи немис тилини билиш даражасини яхшилаш имконига эга бўлади.

"Weihenstephan-Triesdorf" университети раҳбариятининг мамлакатимизга ташрифи доирасида бир вақтнинг ўзида магистратура бўйича икки олий таълим даргоҳи дипломини олиш имконини берадиган дастурни амалга ошириш бўйича келишувларга эришиш кўзда тутилган.

Университетимиз вакиллари Ганновер шаҳрига сафари чоғида "Volkswagen" автомобиль концерни қошидаги тадқиқотлар илмий фондида бўлди. Ганновер шаҳридаги "Leibniz" ва "Hamburg-Harburg" техника, Ветеринария тиббиёт университетлари раҳбарияти билан учрашувлар ташкил этилди. Таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишиб, ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Германиянинг "Darmstadt" техника университетидаги музокаралар доирасида ўзаро ҳамкорликка доир шартнома имзоланди. Келишувга кўра, жорий йилнинг апрель ойида 15 нафар профессор-ўқитувчи ва талабалардан иборат "Darmstadt" техника университети делегацияси университетимизда бўлиб, амалий машғулотларда иштирок этди. Эндиликда университетимиз педагог жамоаси ва талабаларининг мазкур университетга сафарлари уюштирилиши белгиланган.

Ҳозирги кунда яна бир самарали ҳамкорлик Германиянинг "Steinbeis" университети билан амалга оширилмоқда. Келгусида имзоланиши режалаштирилган меморандум асосида профессор-ўқитувчилар, талабалар алмашинуви йўлга қўйилади. Ушбу олий таълим муассасасининг рақамли иқтисодиёт бўйича кадрлар тайёрлашдаги тажрибасини ўзлаштириш мақсадида мазкур йўналишда магистрлар тайёрлаш бўйича истиқболли ҳамкорликни рўёбга чиқариш ниятидамиз.

Германиядаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мамлакатимиз келажаги учун зарур бўлган рақобатбардош кадрлар сафини кенгайтиришга хизмат қилади.