Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги Германиянинг Кёльн лабораторияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Хўш, мазкур ҳамкорлик мамлакатимиз спорт ҳаракатига, умуман юртимизда ҳалол спортни тарғиб этиш, Ватанимиз шарафини халқаро майдонларда ҳимоя қиладиган спортчиларимизга қандай имконият ва қулайликларни тақдим этади?
Айтиш лозим, Кёльн лабораторияси Халқаро антидопинг агентлиги (WADA) томонидан биринчилар қаторида аккредитацияланган ҳамда узоқ муддат давомида спортчиларнинг биологик паспортлари билан ишлаш ва уларни баҳолаш орқали мақсадли допинг назоратини амалга ошириш соҳаларида фаолият олиб бораётган илмий ва инновацион лаборатория ҳисобланади.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, агентлик антидопинг соҳасини ривожлантириш йўлида маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаши белгиланган.
Шу мақсадда, жорий йил июнь ойида Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Спорт вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Германияда антидопинг қонунчилиги ва амалий тажриба билан танишиб, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича муҳим келишувларга эришганди.
Ушбу ташрифлар натижаси ўлароқ, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳамда Германия спорт университети ҳузуридаги Биохимия институти ва WADA томонидан аккредитацияланган Кёльн лабораторияси ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган уч томонлама меморандум имзоланди.
Келишувга мувофиқ, спортда ҳалолликни рағбатлантириш, умумий стратегик мақсадлар асосида антидопинг дастурини ишлаб чиқиш, илғор тажрибаларни жорий этиш асносида спортчиларнинг биологик паспортлари билан ишлаш, допинг назоратини амалга ошириш соҳаларида мутахассислар тайёрлаш назарда тутилмоқда. Бу, мамлакатимизда тоза ва адолатли спорт муҳитини шакллантиришга, шунингдек маҳоратли спортчиларимизни антидопинг муҳитида юзага келадиган муаммолардан ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Т.Рўзиев, ЎзА