Германия билан ҳамкорлик янада ривожланади
Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Германиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд билан учрашди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабарида маълум қилинган.
Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Германиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд билан учрашди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабарида маълум қилинган.
Даставвал Ж.Ортиқхўжаев Германия элчисига COVID-19 билан боғлиқ синовли кунларда кўрсатилган амалий ёрдам учун миннатдорлик билдирди. Сўнгра барча давлатлар ва шаҳарлар COVID-19 шароитида яшаш ва ишлашга мослашаётганини таъкидлаб, Тошкентда ҳам турли соҳалар фаолиятини тиклаш, корхоналарнинг бир маромда ишлашига эришиш учун зарур чоралар кўрилаётгани, шароитлар яратилаётганини билдирди.
Элчи Германия Ўзбекистон, жумладан, Тошкент билан ҳамкорликни қадрлаши, 2020 йилга қадар Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликдаги лойиҳаларга йилига 7 миллион евродан инвестиция киритган бўлса, 2021 йилдан фақат Ўзбекистон учун 120 миллион евро миқдорида сармоя киритишга тайёрлигини қайд этди.
Мулоқот давомида икки томонлама ва ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш ва ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Г.Оверфельд кўплаб немис фирма ва компанияларининг Ўзбекистонга қизиқиши жиддий экани, келгуси йили ҳамкорлик мақсадида юртимизга Германиядан йирик делегация ташрифи режалаштирилганини маълум қилди.Айни пайт хорижий ҳамкорлар билан биргаликдаги лойиҳалар муҳокамаси видеоконференция шаклида олиб борилаётгани, Тошкент билан ҳам шундай тадбирлар уюштириш таклифи билдирилди.
Тошкентда самарали фаолият юритаётган Немис савдо палатаси ҳамда KFW банки турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш учун амалий ёрдамга тайёр экани қайд этилди.
Суҳбат давомида илм-фан ва маданий алоқаларни янги босқичга кўтариш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Тошкентда немис тилига ихтисослашган ўқув масканларини кўпайтириш, пойтахтимизда Германиянинг нуфузли таълим масканлари филиалларини очиш, лозим бўлса, узлуксиз таълимни қамраб олувчи мажмуа яратиш, турли соҳаларда мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш каби қатор масалалар муҳокама этилди.
Германия элчиси айни пайт биринчи чет тили немис тили бўлган шаҳримиздаги 60-мактаб қамровини кенгайтириш таклифини берди. Мутасаддилар эса Сергелида фойдаланишга топширилган 4 та умумтаълим мактабидан бирини немис тилига ихтисослаштириш мумкинлигини айтди.
Шунингдек, учрашувда чиқиндиларни қайта ишлаш, йўлларда хавфсизликни таъминлаш каби қатор йўналишлардаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш истиқболи ҳам кўриб чиқилди.