Германия Қуролли кучларининг юқори мартабали генерали Карстен Бройер энг обрўли десант бўлинмаси жиддий қонунбузарлик ортидан чуқур ларзага келганини билдирди. Гап жинсий зўравонлик, ўнг қанот экстремизми, гиёҳванд моддалар истеъмоли ва камситиш ҳолати ҳақида кетяпти.
Берлинда журналистлар олдида сўзлаган генерал Бройер армияда салбий хатти-ҳаракатларга мутлақо тоқат қилинмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай қилмишни оқлайдиган ҳарбийлар зобит сифатида хизмат қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Жанжал 26-десант полкида хизмат қилаётган аёл ҳарбийлар шикоятидан кейин юзага чиққан. Мазкур бўлинма аввал Судандан Германия фуқароларини эвакуация қилиш ва бошқа халқаро амалиёт тадбирларида иштирок этган. Даъво Бундестагнинг Қуролли кучлар бўйича вакилига етказилган.
Ушбу воқеа Германия армияси учун ўта нозик паллага тўғри келди. Айни пайт мамлакат 18 ёшга тўлган ёшларни рўйхатдан ўтказишни бошламоқда. Мазкур қадам АҚШнинг НАТО доирасида Европа давлатларидан мудофаа масъулиятини ошириш талаби билан боғлиқ.
Мухолиф “Яшиллар” партияси мудофаа вазири Борис Писториусни масъулиятдан қочишда айблаган. Партия вакили Агнешка Бруггер фикрича, ҳозирги муаммолар илдизи аввалги консерватив раҳбарият даврига тақалади. Юзага келган вазият мамлакат хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкин.
Армия раҳбарияти ҳозиргача қатор интизомий чоралар кўрилгани, жумладан бир неча ҳарбий хизматдан четлатилгани, 16 иш фуқаролик прокуратурасига топширилганини айтди. Шу билан бирга текширув етарлича даражада чуқур олиб борилмагани ҳам тан олинган.
Мазкур можаро армияда ислоҳот ўтказиш, айниқса раҳбарлик ва назорат тизимини кучайтириш зарурлигини яққол кўрсатмоқда. Ушбу масала нафақат ҳарбий интизом, балки жамият ишончи ҳамда миллий хавфсизлик масаласига айланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА