Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Германия Адлия вазирлиги билан ҳуқуқий ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация имзоланади
12:16 / 2024-10-11

Ўзбекистон Адлия вазири Акбар Тошқулов Берлин федерал ери адлия сенатори Фелор Баденберг бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда адлия ва ҳуқуқ соҳасида ҳамкорлик алоқалари ҳамда амалга оширилиши режалаштирилаётган янги ташаббуслар муҳокама қилинди.

Адлия вазири кейинги йилларда адлия ва ҳуқуқ соҳасида Ўзбекистон – Германия муносабатларини янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.

Жумладан, учрашувда Адлия вазирлиги Германиянинг халқаро ҳамкорлик жамиятининг Тошкент шаҳридаги ваколатхонаси билан узоқ йиллардан буён турли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириб келаётгани, хусусан, тузилманинг «Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликни ривожлантириш» дастури доирасида «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилганини алоҳида қайд этди.

Ф.Баденберг Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотларни юқори баҳолади. Шу ўринда, ҳозирда дунёдаги юз бераётган турли таҳдидлар, жумладан, диний радикализм, экстремизм, кибержиноятлар сони ошиб бораётгани, уларга қарши курашишда бутун дунё давлатлари муаммоларга учраётганини таъкидлади.

Учрашув давомида Германия Федератив Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳуқуқий ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳамда тез орада имзоланиши режалаштирилаётгани билдирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА