2021 йилдаги маълумотларига кўра, гепатит B ва C вируси сабабли бутун дунёда ҳар йили 1,5 миллионга яқин одам вафот этади. Бу эса ОИВ/ОИТС ва безгакдан кўпроқ деганидир.
Юртимизда ушбу хавфли касалликни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уларни даволаш мақсадида 2022 йил 16 майда “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорда вирусли гепатитларнинг “В” ва “С” турларини эрта аниқлаш учун республиканинг барча ҳудудларида скрининг текширувларини ўтказиш ва касалликни даволаш қамровини ошириш борасида бир қатор муҳим вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда юртимиздаги 65 дан зиёд оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда ушбу касалликни аниқлаш учун бепул скрининг ташкил этилди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган бирифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидованинг таъкидлашича, жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар 696 минг 147 нафар аҳоли гепатит Вга ва 696 минг 45 нафар аҳоли гепатит Сга скрининг текширувидан ўтказилди. Уларнинг 22 минг 307 нафарида гепатитнинг В ва 22 минг 157 нафарида гепатитнинг С турлари аниқланди.
– Гепатит Сга қарши дори воситалари хариди учун давлат бюджетидан 47 млрд. сўм ажратилиши режалаштирилган, дейди М.Саидова. – Миср Араб Республикаси билан ўтказилган музокаралар натижасида 800 минг қадоқ "Даклатасвир" ва "Софосбувир" дори воситаларини беғараз ёрдам сифатида юбориш учун келишувга эришилди. Ҳозирги кунда 60 минг қадоқ "Даклатасвир" ва 7 минг қадоқ "Софосбувир" дори воситалари гепатит С аниқланган беморларга бепул тарқатилмоқда. Келгусида бу каби скрининг текширувлари сонини йилига 1 миллионга етказиш режалаштирилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА