Юртимизда бўлиб ўтаётган Президент сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этаётган Грузия Марказий сайлов комиссияси раиси Георги Каландарашвили Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида бўлиб ўтган йиғилишдан сўнг ЎзА мухбирига ўз фикрларини билдирди.
– Бугун сайлов участкаларида фуқароларнинг ўз ҳуқуқидан фойдаланиши учун яратилган шароит, сайлов жараёнига тайёргарлик кўриш ва овоз берувчилар шижоатини, келажагига бефарқ эмаслигини кўриб, ҳайратландик. Сайловга тайёргарлик ишлари, жойларда ташкил этилган участкалар ҳақида Марказий сайлов комиссияси томонидан маълумотлар тақдим этилган, кузатувларимиз давомида фуқаролар фикрларини эшитиб, халқ ушбу сиёсий воқеликка катта тайёргарлик кўрганига гувоҳ бўлдим. Қайд этиш керак, ҳар бир сайлов участкасида энг сўнгги, илғор технологиялар жорий этилган. Куннинг биринчи қисмида бешта сайлов ҳудудида бўлдим. Конституцион ҳуқуқидан фойдаланиб, халқ манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида овоз бераётган Ўзбекистон фуқаролари билан суҳбатлашиш имкони берилди.
Кеча, Марказий сайлов комиссиясида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳам қатнашгандим. Комиссия вакиллари томонидан республика бўйлаб ташкил этилган участкалар, шунингдек, катта ёшдаги, ногиронлиги бўлган шахсларнинг овоз бериш тартиби ва Ўзбекистонга келган халқаро кузатувчилар, ОАВ вакиллари хусусида маълумот берилди.
Шунингдек, бугун ҳам комиссия аъзолари билан бўлган учрашувда овоз бериш билан боғлиқ статистикалар эълон қилинди. Ўз навбатида биз ҳам кузатувларимиз хулосаси ижобий эканини билдирдик.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев ёзиб олди