Геология фанлари университети фойдали қазилма конларини ер ости усулида ўзлаштиришда илмий ва амалий ишларни ривожлантириш мақсадида “MICROMINE Australia Pty Ltd” компанияси билан меморандум имзолаб, янги кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйди.
Мазкур ҳамкорлик доирасида Университет Micromine Advance дастурий таъминотидан ўқув жараёнида фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритди ва Марказий Осиё бўйича ушбу инновацион ечимни қабул қилган илк таълим даргоҳларидан бирига айланди.
“Micromine Advance” — фойдали қазилмаларни ер ости усулида қазиб олишнинг барча жараёнларини ўз ичига қамраб олган, интеграциялашган дастурий таъминот бўлиб, тоғ-кон муҳандисларига реалистик ва амалга ошириладиган ишлар кетма-кетлигини яратишда ёрдам беради. Замонавий технологиялар ва махсус дастурий таъминотлардан фойдаланган ҳолда, дастур мураккаб ер ости шароитларини юқори аниқлик билан 3D моделлаштириш имконини беради ҳамда фундаментал ёндашувни амалга татбиқ этади.
“Micromine Advancе” дастури янги фойдаланувчилар учун ҳам қулай: мантиқий ва босқичма-босқич ишлаш жараёнини ўрганишни анча соддалаштиради.

Дастур алоҳида вазифаларни бажаришда тартибига кўра, ҳақиқий маълумотларга — ресурслар, операцион чекловлар ва кон ҳақидаги барча билимларга таянади. Бу эса геологик ҳосил бўлиши ва мураккаблик масалаларини фундаментал тамойиллар асосида қайта ишлаб, динамик ва реалистик режалар яратиш имконини беради. Бундай ёндашув нафақат режалаштириш сифатини оширади, балки ҳар бир қарорни аниқ асослаш ва геология-қидирув ишлари жараёнидаги ўзаро таъсирларни тушуниш имконини ҳам яратади. Ушбу ҳамкорлик Геология фанлари университетига тоғ-кон саноати ва геология соҳасида халқаро стандартларга мос, илғор рақамли технологиялар асосида замонавий етук кадрлар тайёрлаш имкониятини таъминлайди. Талабалар ва илмий тадқиқотчилар учун янги имкониятлар истиқболларини очади.
“Micromine Advancе” Университетга дунё даражасидаги технологиялардан кенг фойдаланиш имконини беради, талабалар ва мутахассислар халқаро кон компаниялари ишлатадиган замонавий дастурлар билан ишлайди. Бу билим ва амалий кўникмаларни, шунингдек соҳада рақобатбардошликни оширади. Дастур муайян кон шароитларини 3D шаклда моделлаштиради. Талабалар назарий билимни реал вазиятларда қўллаб кўриш имконига эга бўлади. Ушбу дастур билан ишлайдиган битирувчилар геология соҳаси ташкилотларига, қолаверса, халқаро компанияларга ҳам тайёр малакали кадр сифатида кириб бориш, шунингдек ер ости чуқур қатламларида жойлашган конларни ўзлаштиришда замонавий илм-фан ва илмий тадқиқотлар имкониятларини кенгайтиради. “MICROMINE Australia Pty Ltd” компанияси билан ҳамкорлик бошқа кенг кўламдаги халқаро лойиҳалар, грантлар ва индустриал шерикликларга йўл очади.
М.Қосимова, ЎзА