Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида география фани бўйича узлуксиз таълим дастурларининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мактабгача таълим вазирлиги, Таълим инспекцияси, Республика Таълим маркази мутасаддилари, Тошкент давлат педагогика университети профессор-ўқитувчилари, методистлар ҳамда амалиётчи ўқитувчилар иштирок этган тадбирда ҳар бир таълим босқичида география фани ўқитилишининг бугунги кундаги ҳолати, жараёндаги муаммолар ва шакллантириладиган янги ўқув дастурида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар бўйича ўзаро фикр алмашилди.
География фани бўйича ишчи гуруҳнинг амалиётчи олим ва педагоглар билан ҳамкорликдаги ўрганишлар натижасига кўра, бугунги кунда мазкур фан бўйича такрорланган 1 та, олиб ташланган 2 та, янги киритилган 12 та, хорижий баҳолаш бўйича мавзулар 40 та эканлиги аниқланди ва дастурларга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Тадбирда шунингдек, амалдаги ўқув дастурларида мавжуд қатор муаммолар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди. Хусусан, дастур чизиқли ўқитишга асосланган ҳамда STEM, STEAM, CLIL, ARIZ, TRIZ каби методологиялар қўлланилмаган. Таълим жараёнлари фақат ёдлашга йўналтирилган, ўқитувчи китоби ва ўқувчи дафтарлари мавжуд эмаслиги туфайли ўқув натижалари пастлигича қолган. Ўқувчи билими ҳажми баҳоланган, олий таълимга киришда баҳолар инобатга олинмаган, халқаро баҳолаш дастурларига мос эмас.
Мазкур камчиликларни бартараф этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Унга кўра, фан мазмуни спиралсимон ўқитилиб, янги – “Science” фани киритилади. Шу билан бирга, ўқувчиларга вариатив дастурлар асосида танлаш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, амалий ишлар, такрорлаш ва мустаҳкамлаш дарслари кўпайтирилиб, назорат ишларига алоҳида соатлар ажратилади. Баҳолашнинг янги тизими жорий этилиб, ўқувчилар билими ва амалий кўникмалар самарали форматларда баҳоланади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА