Жорий йилнинг 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти Покистон Минтақавий тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси кўмагида «Ўзбекистон – Покистон: ўзгариб бораётган дунёда стратегик шериклик, ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланиш» мавзусида экспертлар онлайн конференциясини ташкил этди.
Конференцияда сўзга чиққан Исломобод Миллий мудофаа университети ўқитувчиси, генерал-майор Муҳаммад Самрез Салик Ўзбекистон ва Покистон минтақавий интеграция ва қўшма иқтисодий ўсиш учун ноёб салоҳиятга эга эканини таъкидлади. «Бугун Ўзбекистон изоляцияланган марказ эмас, Покистон эса чекка мамлакат эмас. Улар ўртасида мустаҳкам иқтисодий кўприк қуриш мумкин», – деди у. Саликнинг сўзларига кўра, денгизга чиқиш имконияти чеклов эмас, балки геоиқтисодий имконият ва чақириқдир. Покистон эса Карачи ва Гвадар портлари орқали глобал савдо йўлларига киришни таъминлайди.
Экспертнинг таъкидлашича, демографик ва иқтисодий тафовутлар бир-бирини тўлдирувчи ҳамкорлик учун имкониятлар яратади. «Қарийб 300 миллионлик умумий бозор – бу нафақат истеъмолчилар, балки инсон капитали ҳамдир. Боғлиқлик минтақадаги энг йирик меҳнат ва интеллектуал кластерни яратади», – деди у. Шу билан бирга, Покистон ёш аҳоли ва юқори даражадаги қарз юкига эга бўлган демографик гигант ҳисобланади, Ўзбекистон эса барқарор иқтисодий ўсиш, аҳоли жон бошига юқори даромад даражаси ва технологик жиҳатдан ривожланган ишлаб чиқаришни намоён этмоқда.
Муҳаммад Самрез Салик транспорт ва логистика интеграцияси масалаларига алоҳида эътибор қаратди. «Ҳозирда Тошкентдан Покистон портларигача бўлган йўл тахминан 35 кун давом этади. Афғонистон орқали темир йўл ишга туширилгач, бу муддат 3–5 кунгача қисқаради», – деди у.
Генерал учта асосий йўналишни ажратиб кўрсатди: Афғонистон орқали Покистон портларини МДҲ бозорлари билан боғлайдиган Транс-Афғон йўлаги; Афғонистондаги беқарор вазиятда муқобил сифатида Хитой ва Марказий Осиё орқали шарқий йўналиш; Покистонни Каспий минтақаси ва Европа билан боғлайдиган Марказий йўлак. Экспертнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ички ва ташқи бозорларга тез ва хавфсиз чиқишни таъминлайдиган муҳим транзит боғини ҳисобланади.
Муҳаммад Самрез Салик мавжуд фойдаланилмаётган салоҳиятга эътибор қаратди: «Ҳозирги савдо айланмаси 400 миллион доллардан сал кўпроқ бўлса-да, бу икки мамлакат ялпи ички маҳсулотининг атиги 0,1 фоизини ташкил этади. Ўсиш учун имкониятлар жуда улкан». Унинг таъкидлашича, ҳамкорликнинг муваффақияти географик, демографик ва иқтисодий афзалликлардан максимал даражада фойдаланиш имконини берадиган самарали инфратузилмавий алоқалар ва бозорлар интеграциясига боғлиқ.
«Транспорт йўлаклари орқали боғланиш ва бозорлар интеграцияси Покистон ва Ўзбекистонни минтақанинг қудратли иқтисодий ва интеллектуал марказига айлантириши мумкин», – дея хулоса қилди эксперт.
ЎзА