Маълумки, сўнгги йилларда юртимизда оилавий ва гендер зўравонликка қарши кураш долзарб масалалардан бирига айланди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, ушбу муаммо бугунги кунда халқаро жамоатчилик эътиборидаги инсон ҳуқуқи билан боғлиқ муҳим мавзу ҳисобланади. Бундай жиноятларнинг асосий жабрдийдалари аёллар ва болалар экани жуда ачинарли.
Хусусан, ҳукуматимиз томонидан “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга ўзгариш киритилиши ҳамда айни йўналишда 2023-2024 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” қабул қилиниши зуғум қурбонлари муҳофазасининг ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга бўлган эътибордан далолат.
Ушбу ташаббусларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТ ТД)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси кўмагида БМТТД Омбудсман идораси, фуқаролик жамияти ташкилоти вакиллари ва Судьялар олий мактаби тингловчилари учун халқаро семинар ташкил қилинди. Анжуманда тажрибали хорижий экпертлар – латвиялик Илута Ласе ва Мадара Лапса ҳам иштирок этмоқда.
Тадбир Финляндия ҳукумати томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқини ҳимоя қилишни кучайтириш” лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда.
Жорий ўқув модули гендер зўравонликдан жабрланган шахсларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишда бой тажрибага эга Марта маркази мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Тренинг Омбудсман идораси вакиллари ва судьялар билимини оширишга қаратилган. Машғулот давомида тингловчилар жабрланганларга суд томонидан янада аниқ ва самарали хулоса бериш кўникмасини ўзлаштирмоқда.
Давлатимиз аёллар ва болалар ҳуқуқи тўлиқ ҳимоя қилинадиган, қўллаб-қувватланадиган жамият яратиш истагида экан, барчамиз биргаликда оилавий ва гендер зўравонликдан холи келажак сари интилишимиз лозим бўлади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Jse070HTxsQ" title="Gender zoʻravonlikka qarshi birlashamiz" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА