Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гендер тенгликка эришиш стратегияси қандай бажарилмоқда?
14:59 / 2022-12-28

Гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2021–2022 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилган.

Хусусан, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш йўналишида 41 норматив-ҳуқуқий ҳужжат  қабул қилинган.  

Гендерга оид аудит, унинг вазифалари, уни ўтказиш ва натижаларини кўриб чиқиш тартиби белгиланган.  

Сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш йўналишида сайловнинг барча босқичларида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг асосда иштирок этишини кузатувчи 11 индикатор ишлаб чиқилган.  

Сенат ялпи мажлисида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг 2022 йилдаги ижроси ҳамда уни амалга ошириш бўйича 2023 йилга мўлжалланган чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисидаги масала муҳокамаси жараёнида юқоридаги фактлар келтирилди.  

Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш дастури тасдиқланган. Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ишсиз, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 17 минг 930 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ўзини ўзи банд қилиш учун субсидиялар ажратилган.  

Сенаторларнинг билдиришича, Гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга оширишда қатор камчиликларга йўл қўйилган.  

Хусусан, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси Стратегиянинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш бўйича фаолиятини самарали ташкил эта олмагани сабабли 2022 йилда эришилиши режалаштирилган айрим мақсадли кўрсаткичлар бажарилмай қолинган.  

Масалан, 2022 йилда вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида раҳбарлик (ҳокимлар) лавозимида, сиёсий партияларнинг раҳбарлик лавозимларида ҳамда судьялар орасида хотин-қизларнинг улуши бўйича режалаштирилган кўрсаткичга эришилмаган.  

Гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2021 – 2022 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасида белгиланган айрим вазифалар ҳам бажарилмасдан қолинган.  

Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг гендер тенгликка эришишга қаратилган конвенцияларини ратификация қилиш, улардаги нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, шунингдек, иқтидорли талаба қизларни рағбатлантириб бориш мақсадида алоҳида стипендия таъсис этиш ишлари охирига етказилмаган.  

Мажлис давомида Гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ҳам кўриб чиқилди.  

Унда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш, давлат хизмати, таълим, илм-фан, спорт, соғлиқни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, гендер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда бюджетлаштириш, гендер статистикаси юритилишини такомиллаштириш каби устувор йўналишлар қамраб олинган.  

Гендер тенгликка эришиш стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгилаб олинган вазифалар, тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда бу борадаги ишларни кучайтириш муҳимлиги борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

Комплекс чора-тадбирлар дастури 2023 йилда бажарилишининг бориши Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда уларнинг жойлардаги ижроси маҳаллий вакиллик органлари томонидан доимий назорат қилиб борилиши белгиланди.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА