Гендер тенглик таъминланишидаги муҳим қадам
Гендер тенглик атамаси бутун дунё аҳолиси учун долзарб бўлган, бироқ барча давлат ва жамиятларда ҳам унга сўзсиз ва тўлақонли амал қилинмайдиган ҳодисани англатади.
Гендер тенглик атамаси бутун дунё аҳолиси учун долзарб бўлган, бироқ барча давлат ва жамиятларда ҳам унга сўзсиз ва тўлақонли амал қилинмайдиган ҳодисани англатади. Англаганингиздек, гендер тенглик муносабатлари инсон ҳуқуқларини муҳофаза этишнинг олий шакл ва тамойилларини ўзида мужассам этади.
Қувонарлиси, сўнгги йилларда гендер тенглик масалалари бўйича мамлакатимиз мустақил давлат сифатида энг муҳим ва дадил қадамларни қўя олди. Яқинда Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг тавсиясига асосан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқлангани фикримиз далилидир.
Унга кўра, жамиятдаги барча соҳаларини тартибга солувчи қонун ва қонуности ҳужжатлар лойиҳалари гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади. Бундан асосий мақсад – ҳужжатларнинг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлигини таҳлил қилишдир.
Гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиладиган ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, халқаро умумэътироф этилган нормалар ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни ва ушбу йўналишдаги масалаларни тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши зарур.
Мазкур Низом норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишга йўл қўядиган, гендер тенглигини таъминлашда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига ҳар қандай чекловлар ўрнатиш ва шундай талқин қилиниши мумкин бўлган нормаларга йўл қўймасликка қаратилган.
Давлат органлари таклифлари асосида ишлаб чиқиладиган ушбу ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган режага мувофиқ, ҳар 3 йилда бир марта давлат органлари томонидан фаолият йўналишига кўра ўтказилади. Бунда ишлаб чиқилган режа лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланишидан олдин Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия билан келишилиши зарур.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, эндиликда меҳнат жамоаларида гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари тузилади. Бу “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосланади.
Бу борада Ўзбекистон Республикасининг гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди. Уларда ҳар бир меҳнат жамоасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратиш, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш ва тавсия қилиш каби фаолият йўналишлари акс этган.
Маслаҳат кенгашлари фаолиятининг йўлга қўйилиши давлатимиз сиёсатининг хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги устувор йўналишларига ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барқарор ривожланиш мақсадларидан бири бўлган гендер масалаларининг ҳал қилинишига хизмат қилади. Натижада, айтиш мумкинки, жамиятда инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилинишига, хотин-қизларнинг жамият ва давлат қурилишидаги иштирокининг кучайишига эришилади.
Носирбек АБДУЛЛАХАНОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.