Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гендер тенглик: Сирдарёда тренинг ўтказилди
16:04 / 2021-05-11

Сирдарё вилоятида «Аёлларга нисбатан зўравонлик ва камситишга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон қонунчилигини амалга ошириш» мавзусида тренинг-машғулотлари ташкил этилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда Гулистон шаҳрида ташкил этилган тренинг-машғулотларида вилоят прокуратураси, адлия, ички ишлар, халқ таълими бошқармалари мутахассис ва ходимлари иштирок этди.

Тадбирда гендер тенглик назарияси, Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини амалга оширишда ҳуқуқий ислоҳотларнинг дастлабки шартлари, соҳани тартибга солувчи қонунчилик базаси, «Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг мазмун-моҳияти мавзуларида маърузалар қилинди.

Бундан ташқари, гендер стереотиплари, камситиш ва аёллар ҳуқуқларининг бузилиши, унинг сабаб ва оқибатлари юзасидан, зўравонлик турлари ва унинг олдини олиш бўйича миллий қонунчилик, камситиш ва зўравонликнинг олдини олиш борасидаги тавсиялар берилиб, «Ҳимоя ордери»нинг моҳияти мавзусида халқаро фонд тренерлари, мутахассислар ва иштирокчилар ўртасида қизғин баҳс-мунозара ва муҳокамалар бўлиб ўтди.

«Аёл ва эркаклар ўртасида гендер тенгликка Сирдарё вилоятида қанчалик риоя этилмоқда?» деган савол танқидий муҳокама қилиниб, иштирокчилар бу борада амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, тренинг давомида иштирокчиларга назарий билимлардан сабоқ берилиб, амалий машғулотлар ва тақдимотлар тайёрлаш орқали уларнинг билимлари янада мустаҳкамланди.

 

А.Қаюмов, Ф.Тошматов,

ЎзА