Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида “Гендер тенглик” танлови ўтказилди.
Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 27 апрелдаги “Йил аёли” ва “Гендер тенглик фаоли” миллий танловларини ташкил этиш тўғрисида" ги қарори ҳамда унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Энг муҳими, давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятида гендер тенгликка оид илғор ёндашув ва механизмларни амалиётга жорий этиш, аёллар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратишга қаратилган ушбу танловда тумандаги 6 та муассаса иштирок этди. Улар мазкур йўналишда амалга оширган ишлари, ташаббуслари ва эришган натижалари асосида баҳоланди.

Таъкидлаш жоизки, баҳолаш жараёнида фақат расмий ҳужжатлар эмас, балки амалий натижалар, самарадорлик ҳамда ижтимоий таъсир даражаси ҳам инобатга олинди. Бу эса танловнинг ошкора ва холис ўтказилганидан далолат беради.
Натижаларга кўра, Гулистон туман ҳокимлиги “Энг фаол ҳокимлик” номинациясида ғолибликни қўлга киритди. “Энг фаол туман ташкилоти” номинациясида туман Санитария ва эпидемиология хизмати биринчи, Маданият бўлими иккинчи, Мактаб ва мактабгача таълим бўлими эса учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Биринчи ўрин соҳибларига эса танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш учун йўлланма топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири