Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Ҳунармандлар марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, республика комиссияси ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва оила институтини мустаҳкамлаш йўлида фаолият олиб бораётган давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ҳудудий тузилмалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Танловда иштирокчилар жамиятда тенглик ва адолат принципларини қарор топтириш, хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга қаратилган ишлар билан муносиб баҳоланди.

Якуний натижаларга кўра, Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси матбуот хизмати – “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол оммавий ахборот воситаси”, Гулистон Давлат педагогика институти – “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий давлат органи”, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сирдарё тумани бўлими – “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ”, Ховос туманидаги “Ховос Дон маҳсулотлари” АЖ – “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти”, Гулистон тумани ҳокимлиги – “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) ҳокимлиги” номинациялари бўйича ғолиб деб топилди. Танлов низомига асосан республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қулга киритди.

Тадбир якунида ғолиб ва фаол иштирокчиларга Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири