Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гендер тенглик депутатлар муҳокамасида
07:39 / 2021-06-01

“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги – USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури ҳамкорлигида “Қонунлар ижросини таъминлаш ва бюджетни шакллантиришда гендер ёндашуви” мавзуида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Унда гендер тенглик борасидаги қонунчилик нормалари ва ундаги ўзгаришлар, бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар, халқаро тажриба ҳамда амалиёт масалалари таҳлил қилинди.

Маълумки, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида 2019 йил сентябрь ойида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган. Тадбирда мазкур қонунларни ҳаётга тадбиқ этиш борасидаги самарали ишлар эътироф этилди.  

Шунингдек, гендер тенглик бўйича институционал чоралар сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги ташкил этилган  Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси фаолияти ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Тадбирда USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури мутахассислари томонидан депутатлар учун гендер таълимининг долзарблиги, гендер ёндашувда иш олиб бориш сабоқлари бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.  

Хусусан, қонунчилик ижроси ва таъминотида гендер тенгликка риоя қилмаслик натижасида қандай муаммоли фактлар вужудга келаётгани, уларни келтириб чиқарувчи ҳолатлар ва сабаблар интерфаол услубда очиб берилди. Мазкур муаммоларни бартараф этишда Қонунчилик палатаси депутатлари олдида турган вазифалар муҳокама қилиниб, мисол тариқасида гендер тенглик соҳасини тартибга солувчи “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг бугунги кундаги ижроси кўриб чиқилди.

Қизғин бахс-мунозаралар тарзида кечган семинар-тренинг жараёнида халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА