ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамкорлигида “Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури” доирасида Бухоро вилояти юридик техникуми педагог ходимлари учун “Гендер тенглиги ва таълимда гендер ёндашувини қўллаш” мавзуида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Cеминар-тренингда юридик техникумнинг ўқитувчилари гендер тенглиги масалалари ҳамда фанларни ўқитишда гендер тенглиги ёндашувини жорий этиш бўйича тажриба алмашди.
Таъкидлаш керак, юридик техникумда тайёрланадиган профессионал юридик кадрлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, гендер тенглиги тўғрисидаги қонунларни амалга оширишда, аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда муносиб ўрин эгаллайди. Таълим даргоҳи ўқитувчилари миллий қонунчилик ва бу борадаги илғор халқаро тажрибалар асосида қонун устуворлигини, жумладан, аёллар ва эркаклар тенглигини янада самарали таъминлайдиган профессионал кадрлар тайёрлашнинг ҳудудлардаги энг муҳим бўғини ҳисобланади.
Тренинг иштирокчилари мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, гендер таълимининг долзарблиги ва бу борадаги илғор халқаро тажрибага оид билим ва кўникмаларини оширди.
Шунингдек, ўқитувчилар гендер стереотиплари, аёлларни камситиш ва уларнинг ҳуқуқлари бузилишига қарши кураш усуллари билан яқиндан танишиб, фанларни ўқитишда гендер нуқтаи назаридан ёндашув ва стратегияларни биргаликда муҳокама қилиш ва ишлаб чиқиш малакасига эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда USAID'нинг ўзаро ҳамкорликдаги ҳуқуқий ислоҳотлар дастури Ўзбекистонда қонун устуворлигини янада ривожлантириш, ҳуқуқшунос мутахассислар ва ўқув муассасаларининг салоҳиятини ошириш, фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имконини кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти учун ҳуқуқий муҳитни такомиллаштириш, гендер тенгликни таъминлаш ва янада қулай инвестиция муҳитини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
[gallery-5617]
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат) ЎзА