Андижон вилоятида “Гендер тенглигини таъминлаш ва хотин-қизларнинг сиёсий партиялар фаолиятида иштирокини қўллаб-қувватлаш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Андижон вилоят кенгаши ташаббуси билан Пахтаобод туманидаги “Бахт экспорт” масъулияти чекланган жамиятида ташкил этилди. Унда халқ депутатлари туман ва вилоят кенгашлари депутатлари, партия вилоят кенгаши масъуллари ва фаоллари, оила ва хотин-қизлар бўлими мутахассислари, туман бош отинойиси, корхона ишчи-ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбати давомида мамлакатимизда Президент ташаббуси билан “Инсон қадрини улуғлаш” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари давлат сиёсати устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди. Шунингдек, кейинги йилларда гендер тенглигини таъминлашга қаратилган 20 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилингани қайд этилди.
Очиқ мулоқот ва фикр алмашуви руҳида ўтган давра суҳбатида жамият тараққиёти, барқарор ривожланиш ҳамда ижтимоий адолатни таъминлашда хотин-қизларнинг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, фаол, ташаббускор, раҳбар, тадбиркор ва фермер аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар Андижон вилояти мисолида айтиб ўтилди. Ана шу йўналишдаги ишлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим омиллардан бири бўлмоқда.

Шунингдек, давра суҳбатида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган ижтимоий хизматларни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган мақсадлар ижросини таъминлашда O‘zLiDeP, партия фаоллари ва депутатларининг иштирокини янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, партия сайловолди дастурида белгиланган вазифалар доирасида бошқарув лавозимларида хотин-қизлар улушини 30 фоизга етказиш зарурлиги алоҳида эслатиб ўтилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий партиялар ва жамият ҳаётидаги иштирокини янада кенгайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари