Пойтахтимизда гендер масалаларини тўғри ёритиш масалаларига бағишланган семинар ўтказилмоқда.
Ушбу тренинг машғулотлари Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан Франция тараққиёт агентлиги, Швейцария ҳукумати тарафидан молиялаштирилган "Марказий Осиёда зўравонлик хавфи остида бўлган ва зўравонликка учраган аёлларни қўллаб-қувватлашда фуқаролик салоҳиятини кучайтириш" лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Сир эмаски, бугунги кунда гендер масалаларини барча оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам тўғри талқин этмайди. Бу эса воқеликни оммага нотўғри етказиш ва ўқувчилар фикрини чалғитишга ҳам олиб келаётгани афсусланарли ҳолатдир.

Тренинг мақсади журналистларга зўравонлик қурбонлари ҳақида воқеликларни, умуман барча воқеликларни тўғри ёритиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, журналистларнинг гендер тенглиги ва гендерга асосланган зўравонлик ҳақидаги хабардорлигини оширишдан иборат.
Ушбу тадбир натижасида тренингда иштирок этган журналистлар замонавий мультимедиа воситаларидан фойдаланган ҳолда гендер масалалари ва аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини тегишли ҳужжатлаштириш, ёритиш бўйича билимларини оширишлари, "Озор берманг!" тамойилига асосланиб медиа воситаларидан фойдаланиши мумкин бўлади.
Барча турдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этаётган ушбу семинар-тренинг "Гендер ва гендер тенглиги ҳақида умумий маълумот" , "Оммавий ахборот воситаларида гендер стереотиплари", "Материал қаҳрамонлари билан қандай мулоқот қилиш керак?", "Гендерга боғлиқ мавзуларни қандай қилиб тўғри ёритиш?" каби долзарб мавзуларни ўзига қамрайди.
Н.Усмонова,
ЎзА