Жиззах шаҳрида илк бор вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан Гендер маслаҳат кенгашлари аъзолари, котиблари учун вилоят аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази, “Истиқболли авлод” ННТ билан ҳамкорликда семинар ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш мақсадида барча меҳнат жамоаларида Гендер маслаҳат кенгашлари тузила бошлагани, мазкур маслаҳат кенгашлари фаолиятини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилгани, унда USAIDнинг гендерга оид Грузия тажрибаси ҳам тақдим этилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.


– Давлат органларида Гендер маслаҳат кенгашларини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – ҳар бир меҳнат жамоасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратиш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишига муносиб ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш, шунингдек, бу борада олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиб, зарур таклифларни ишлаб чиқишдан иборатдир, – дейди Жиззах вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасининг Гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва жамиятнинг бошқа институтлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Умида Наврўзова. – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан вилоятимиздаги барча давлат органлари, бошқарма ва идоралар, корхоналарда Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг иш режасига асосан Гендер маслаҳат кенгашлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.


Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича Республика комиссияси маслаҳат кенгашлари томонидан амалга оширилаётган ишларни мониторинг қилиш, баҳолаш ва аниқланган камчиликларни бартараф этишда фаоллик кўрсатади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари