Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гендер ислоҳотларга кўмаклашиш мавзусида ўқув семинари
15:42 / 2025-09-08

Бухорода Европа Иттифоқи ҳамда Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги томонидан биргаликда молиялаштирилган “Фуқаролик жамияти иштироки орқали ҳудудларда гендер ислоҳотларга кўмаклашиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Вобкент туманида лойиҳа доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун медиа-тур ташкил этилди ва лойиҳа иштирокчилари билан учрашувлар ҳам ўтказилди.

– Лойиҳа Немис Халқ Университетлар Ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги филиали ҳамда “SABR” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази ҳамкорлигида 2024 йил мартдан 2026 йил февралга қадар амалга оширилади, – дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлими раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Дилбар Аҳмедова. – Асосий мақсад фуқаролик жамияти ташкилотларининг демократия ва инклюзив ривожланишда мустақил иштирокини кучайтириш, гендер ислоҳотларини қўллаб-қувватлашдир.

Лойиҳа доирасида Вобкент туманидаги “Косари” маҳалла фуқаролар йиғинида бир қатор профессионал курслар ташкил этилди. Жумладан, тикувчилик, пишириқчилик, компьютер саводхонлиги ҳамда аёллар сартарошлиги бўйича ўқув курслар ўтказилди. Курс битирувчилари бизнес-лойиҳа тузиш кўникмаларига эга бўлди ва 4 та бизнес-лойиҳа молиялаштирилди.

Жиҳозлар маҳаллада истиқомат қиладиган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга хизмат қилади ва уларнинг бандлиги ҳамда турмуш фаровонлигини оширишга кўмаклашади. Шунингдек, маҳалланинг “еттилик” фаоллари учун “Гендер бюджетлаштириш” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди. Семинарда иштирок этган маҳалла фаоллари томонидан жамоат ташаббуслари тайёрланди ва энг яхшилари грант ғолиби бўлди. 

Кутилаётган натижалардан бири фуқаролик жамиятининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, маҳаллий аёллар ва фаолларнинг имкониятларини кенгайтириш ва адолатли ижтимоий-иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшишдир.

 Лойиҳа Бухоро, Самарқанд, Сирдарё ва Андижон вилоятларида амалга оширилади.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.