Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғелон қишлоғидаги қоятошларда қадимги расмлар борлиги аниқланди
11:28 / 2023-09-29

Фанлар академияси Миллий археология маркази олимларига Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани тоғли Ғелон қишлоғида яшовчи фуқаролар Р.Қурбонов ва А. Ҳамидовлар томонидан мазкур ҳудудларда қоятош суратлари мавжудлиги ҳақида маълумот келиб тушди. Ушбу маълумотларга таяниб, Миллий археология маркази таянч докторанти Х.Ойназаров ва Ўзбекистон Миллий университети, археология йўналиши талабаси Ж.Раҳимовлар ҳудудга бориб, қоятош расмлари борлигини қайд этди.

Ғелон қишлоғи Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида, Ҳисор тоғ тизмаси шимолий қисмида Ўзбекистоннинг энг баланд тоғ чўққиси Ҳазрати Султон тоғининг шимоли-шарқий қисмида жойлашган. Қоятош суратлари Ғелон қишлоғидан шимоли-шарқда 3-4 км узоқликдаги Кункурмасойда аниқланди. Ушбу қоятош расмлари денгиз сатҳидан 2500-3000 м баландликда жойлашган. Расмлар силлиқ, сатҳи текис қоятошлар юзасида, тош, жез, темир, пўлат ёки бошқа хилдаги қаттиқ буюмлар ёрдамида уриб-чўкичлаш ёрдамида қадимги рассомлар томонидан моҳирлик билан чизилган. Дастлабки кузатишлар натижасида жами 23 та қоятошда 300 тадан ортиқ образ аниқланди.

Бу расмларда одамлар, ҳайвонлар, ўқ ёйлар, турли хил геометрик белгилар акс этган (1, 2, 3-расмлар). Тадқиқотлар натижасида қоятош расмларида кўпроқ тоғ эчкилари акс эттирилгани аниқланган. 

1-расм

2-расм

3-расм

Ғелон қоятош расмлари орасида лабиринт шаклдаги тасвир ҳам мавжуд. Ушбу лабиринт шаклдаги тасвир 7 та ҳалқадан ташкил топган бўлиб, у Ўзбекистон ҳудудида камдан–кам учрайди (4-расм). 

4-расм

Шунингдек, қоятош расмлари орасида арава тасвири ҳам акс этган. У якка, икки ғилдиракли ҳолатда тасвирланган (5-расм). Аравалар тасвири қоятош расмларида бронза давридан бошлаб чизила бошлаган ва Марказий Осиё қоятош расмларида икки ғилдиракли аравалар кўпроқ учрайди.

5-расм

Ушбу қоятош суратлари Марказий Осиёнинг ибтидоий давр санъати тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Н.Раҳмонова, ЎзА