Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гельминтозлар билан асосан 14 ёшгача бўлган болалар касалланади
15:37 / 2025-06-10

Гельминтозлар паразитар касалликлар гуруҳига мансуб бўлиб, асосан мулоқот, озиқ-овқат ва сув орқали юқади, инсон организмида яшаб, унинг соғлиғига жиддий зарар етказади. Жумладан, организмнинг иммун тизимини туширади, камқонликни келтириб чиқаради, терида турли аллергик тошмалар пайдо бўлади, марказий асаб тизимига таъсир қилади, ақлий жиҳатдан орқада қолиш каби ҳолатлар ҳам кузатилади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидованинг АОКАдаги брифингда маълум қилишича, ҳар йили республикамизда 200 мингтагача гелминтоз ҳолати қайд этилади. Улар билан асосан 14 ёшгача бўлган болалар касалланади. Aйрим муассасаларда зарарланиш юқори бўлиб, асосан энтеробиоз ва гименолепидоз каби контактли гелминтозлар учрамоқда.  

– Гельминтозлар билан зарарланганларнинг 90 фоизини мактабгача ёшдаги болалар ва мактаблардаги бошланғич синф ўқувчилари ташкил этмоқда, – деди М.Саидова. –  Амалдаги қонунчиликка кўра, мамлакатимизда ҳар йили 2 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар давлат бюджети ва халқаро ташкилотлар ҳомийлиги асосида  ичак гельминтларига қарши  даволанади. 2025 йилнинг  апрель-май ойида 2 ёшдан 10 ёшгача болалар ўртасида   дегельминтизациянинг биринчи босқичи ташкил этилди. Ушбу тадбирларда 4 017 300 нафар бола қамраб олинди. Жумладан, 2 305 834 нафар 7 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар, 876 620 нафар мактабгача таълим муассасаларининг тарбияланувчилари, 834 840 нафар уюшмаган болалар орасида ўтказилди.  

Брифингда қайд этилганидек, гижжалар юқмаслиги учун болаларга шахсий ва жамоавий гигиена қоидаларини ўргатиш лозим. Овқатланишдан олдин, ҳожатхонага боргандан кейин, кўчадан келганда, ҳайвонларни парваришлаш ва тупроқ билан  боғлиқ фаолиятни амалга оширгандан кейин қўлни совун билан ювиш, фақат яхши ювилган кўкатлар, мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш, яхши пиширилган ва қовурилган гўшт маҳсулотларни истеъмол қилиш, хом сувни, айниқса, очиқ сув ҳавзалари сувини ичмаслик ва чўмилмаслик, хоналарда ювиш ва дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланган ҳолда намли тозалаш ишларини мунтазам  амалга ошириш, чойшаб ва ички кийимлар озодалигига риоя қилиш, ўзининг алоҳида тўшагида ухлаш, бошқа одамларнинг шахсий гигиена воситаларидан фойдаланмаслик тавсия этилади. Катталар эса хонадонда тозаликка қатъий риоя қилиши, болаларга дазмолланган кийимларни кийдириш, уй ҳайвонларини тўғри парваришлаш, уларни гельминтларга қарши  ўз вақтида даволашлари лозим.  

Моҳигул Қосимова, ЎзА