Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гданск университети билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
11:15 / 2021-06-04

Яқинда Тошкент давлат юридик университети ва Польша Республикасининг Гданск университети ўртасида “Чет элда ўқиш тўғрисида” ва “Талабалар ва ўқувчиларнинг академик алмашинуви тўғрисида”ги шартномалар имзоланди.

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган маросимда икки университет раҳбарияти ва масъул ходимлари ҳамда Эрасмус дастури доирасида Гданск университетидан Тошкент давлат юридик университетига ташриф буюрган 3 нафар профессор-ўқитувчи — Демиен Сайман, Эдвардас Юхневичус, Пшемислав Панфил иштирок этди.  

Учрашув аввалида икки университет ректорлари ўз олий таълим муассасалари ҳақида маълумот бериб, ўзаро ҳамкорлик доирасида шу кунгача қилинган ишларни муҳокама қилди.  

Таъкидланганидек, ушбу шартномаларга кўра, Тошкент давлат юридик университети талабалари ва ўқитувчилари Гданск университетида 1 ёки 2 семестр давомида таълим олиши ва тажриба алмашиши мумкин. Ҳужжатларга асосан бир ўқув йилида 5 нафар талаба ва 4 нафар профессор-ўқитувчи ушбу дастурда ҳеч қандай тўловсиз иштирок этиш имкониятига эга. Ушбу муҳим қадам икки университет орасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаб, келгусидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш учун замин яратади.  

Гданск ва Тошкент давлат юридик университетлари ўртасида 2019 йил ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, айни пайтга қадар қатор қўшма лойиҳалар, Эрасмус дастури доирасида алмашинув ва талабалар академик мобиллик дастурлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, 2020-2021-ўқув йилида Гданск университетининг 4 нафар профессор-ўқитувчиси Тошкент давлат юридик университетида “Виситинг профессор” дастури доирасида ўз фаолиятини олиб борди.

Бу гал имзоланган шартномалар асосида ушбу йўналишдаги ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиб, юридик таълим самарадорлиги оширилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА