Туркманистон Халқ кенгаши (парламентнинг юқори палатаси) раиси Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакат Конституциясини ўзгартириш ва бир палатали парламентга қайтиш ҳамда Халқ маслаҳатини ўзгартиришни таклиф қилди. Бу ҳақда “Turkmaniston: oltin asr” нашри хабар берди.
Собиқ президент бу таклифни парламентнинг икки палатасининг қўшма йиғилишида илгари сурди. У бу таклифни “қонун чиқарувчи ҳокимиятни замоннинг реал эҳтиёжларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурияти” билан изоҳлади.
Катта Бердимуҳамедовнинг фикрича, Халқ маслаҳати таркибига ўзи, мамлакат президенти, Мажлис раиси ва депутатлар, Олий суд раиси, Хавфсизлик кенгаши котиби, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, Омбудсман, Бош прокурор, вилоятлар раҳбари ва жамоатчилик вакиллари киради.
Сўзга чиққан барча парламент аъзолари Бердимуҳамедовнинг ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватладилар, дейилади хабарда.
Палаталарнинг навбатдаги қўшма йиғилиши 21 январда бўлиб ўтиши маълум қилинди.
Туркманистон Конституцияси қабул қилинган 1992 йилдан бери 1995, 1999, 2003, 2006, 2008, 2016 ва 2020 йилларда ўзгартиришлар киритилган.
ЎзА