Гаровдаги шахсларни озод қилиш барқарор тинчлик йўлидаги биринчи қадам, холос. ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Исроил аскарлари ҳудуддан тўлиқ чиқиб кетишига оид кўплаб жиҳатлар ҳали келишиб олиниши керак. 29 сентябрь куни АҚШ Президенти ва Исроил Бош вазири Ғазодаги урушни бартараф этиш бўйича янги режа эълон қилди. 20 банддан иборат бу ҳужжат Миср, Қатар, Туркия каби қатор араб ва мусулмон давлатлари билан келишилгани айтилмоқда.
Трампни Ғазодаги урушни тўхтатишга ундаган воқеа – Исроилнинг Доҳага ҳужуми, дея тахмин қилинади. Зеро, Қатар АҚШнинг ишончли шерикларидан. Ёдингизда бўлса, ҲАМАС музокарачиларига суиқасд қилиш назарда тутилган бу ҳужум Қатарнинг ҳудудий яхлитлигини бузган ва муваффақиятсизликка учраган эди. Қолаверса, Исроилдаги ички сиёсий ихтилоф туфайли Трампда Биньямин Нетаньяҳу ҳукуматига босим ўтказиш имкони пайдо бўлди.
8 октябрь куни Америка раҳбари Исроил ва ҲАМАС келишувга эришгани ва биринчи босқичда шартномани имзолаганини эълон қилди. Ҳужжатга мувофиқ, оташкесим ва инсонпарварлик ҳаракатлари амалга оширилиши, 72 соат ичида барча тирик исроиллик гаровдаги шахслар озод қилиниши ва ҳалок бўлганлар жасади қайтарилиши керак.
Бундан ташқари Исроилдаги фаластинлик маҳбуслар, жумладан умрбод қамоққа ҳукм қилинган 250 киши ва уруш бошида ҳибсга олинган1700 одам озод қилинади. Иккинчи босқичда эса ҲАМАСнинг ҳужум инфратузилмаси, яъни ер ости йўллари йўқ қилиниши кўзда тутилган. Ғазо “экстремизмдан халос, террорсиз ва қўшниларига таҳдид солмайдиган ҳудуд”га айланиши лозим.
ҲАМАС аъзоларига тинчликка содиқ қолиш шарти билан амнистия таклиф қилинади. Чиқиб кетмоқчи бўлганларга хавфсиз йўл таъминланади. Шунингдек, секторга АҚШ, араб ва Европа вакилларидан иборат муваққат халқаро барқарорлаштириш кучлари жойлаштирилади. Улар хавфсизликни таъминлаш, Фаластин полиция кучларини тайёрлашга ёрдам беради.
Режанинг учинчи босқичи Ғазода фаластинлик технократлар раҳбарлигида, халқаро идора назорати остида муваққат маъмурият ташкил этилади. Бу тузилма кундалик ҳаётни бошқаради, инфратузилма тикланишини назорат қилади.
Инсонпарварлик ёрдами тақсимоти самарали ва адолатли кечиши учун вазият БМТ, Қизил Ярим ой жамияти каби халқаро ташкилотлар назоратида бўлади. Фаластинликларни Ғазода қолишга ундаш учун ўз жамоаларини тикламоқчи бўлганларга қўллаб-қувватлов таклиф этилади.
Табиийки, “Фаластин давлатини тан олиш масаласи нима бўлади?” деган савол барчани қизиқтиради. Режа бўйича Фаластин давлати “Фаластин халқининг орзуси” сифатида тан олинади, аммо АҚШнинг расман тан олиши ваъда қилинмайди.Трамп стратегиясига кўра, Фаластин маъмуриятида зарур ислоҳотлар амалга оширилгандан кейингина давлатчилик мақоми муҳокама қилиниши мумкин.
Исроил ва фаластинликлар ўртасида узоқ муддатли тинчликка эришиш учун сиёсий тузилма яратиш бўйича мулоқот бошланади. Ғазони технократлардан иборат, сиёсий бўлмаган фаластинлик қўмита бошқаради. Кундалик хизмат ва маҳаллий бошқарув учун масъул бўладиган мазкур тузилма таркибига малакали фаластинликлар ва халқаро экспертлар жалб қилинади. Уларни халқаро муваққат ташкилот – “Тинчлик кенгаши” назорат қилади. Трамп раҳбарлик қиладиган ушбу Кенгаш эҳтимолий аъзолари орасида Буюк Британия собиқ Бош вазири Тони Блэр ҳам бор. Бошқа номзодлар ҳозирча номаълум.
Аввалроқ матбуотда кескин мунозарага сабаб бўлган, АҚШ ва бошқа давлатлар томонидан Ғазо бўлиб олиниши ёки тақсимланиши айтилган режа шу бўлиши мумкинми? Ғазони технократлардан иборат қўмита бошқарса, қўмита раҳбари эса Фаластинни асло давлат сифатида тан олмайдиган АҚШ етакчиси бўлса...
Шубҳали эмасми?!
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/PIc4SD0QbEM?si=JOmwfoTgkteXTuXL" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА