Ғазода тирик қолишга уринаётганлар
Фаластин қутқарув гуруҳи Ғазо аҳолиси ҳаётини муҳофаза қилиш учун зудлик билан чора кўришга чақирмоқда. Хусусан, Фуқаро мудофааси Фавқулодда қутқарув ташкилоти аъзоси Маҳмуд Басал ўн минглаб Ғазолик ҳозир очиқ ҳавода яшаб, асосий бошпана ва зарурий ашёлардан маҳрумлиги, уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ёрдамни тезлаштириш ва кўпайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда “IRNA news” ёзган.
“Шеҳаб” ахборот агентлиги хабарига кўра, секторда ҳарорат пасайиб бораётгани туфайли чодирларда, вайрон бўлган биноларда яшаётган юз минглаб одам азият чекмоқда. Бундан ташқари ҳали портламаган жуда кўп ўқ-дори кўчалар, вайроналар бўйлаб ёйилиб ётибди. Бу Ғазо фуқаролари ҳаётини хавф остида қолдиради.