АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху томонидан эълон қилинган 20 банддан иборат Ғазода тинчлик ўрнатиш бўйича янги режа аксар Европа ва Яқин Шарқ етакчилари томонидан ижобий баҳоланди.
“Reuters” хабарига кўра, мазкур ҳужжат зудлик билан ҳарбий амалиётни тўхтатиш, гаровдагилар ва маҳбусларни алмашиш, ҲАМАСни қуролсизлантириш, Ғазода халқаро назорат остидаги вақтинча бошқарув тизимини шакллантириш каби мақсадларни кўзлаган.

Агар Исроил режани расман қабул қилса, 72 соат ичида барча гаровдагилар – тириклар ва ҳалок бўлганлар ҳам қайтарилиши керак. Бунга жавобан Исроил 250 нафар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган фаластинлик маҳбусни ва 1 700 дан зиёд ғазоликни озод қилади.
“Euronews” Қатар, Эрон, Миср каби араб давлатлари бу қарорни “тинчликка қаратилган самимий ҳаракат” сифатида баҳолаб, режани амалга оширишга тайёрлигини билдирганини ёзди.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Трампнинг саъй-ҳаракатини олқишлади ва мамлакати ушбу дипломатик жараёнда фаол иштирок этишига ишора қилди.
Бинобарин, Ғазода режага нисбатан шубҳа бор. “The Guardian” чоп этган мақолада айтилишича, аҳолининг бир қисми “баъзи ноаниқликка нисбатан” салбий фикрда.
Айни пайт Нетаньяху ҳам режани “тинчлик учун имконият” деб атади. Шу билан бирга, мабодо ҲАМАС таклифни рад этса, ҳарбий ҳаракат давом этишини қайд этди.
Шунингдек, янги лойиҳа бўйича Ғазо бошқаруви вақтинча “технократ фаластинлик қўмита”га топширилиши, қўмитани “Халқаро тинчлик кенгаши” (Board of Peace) назорат қилиши мўлжалланган. Жумладан, Бирлашган Қироллик собиқ бош вазири Тони Блэр ҳам кенгаш таркибига киритилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА