Ғазо секторига қисқа танаффусдан кейин яна ҳужум бошланди. Охирги 4 кун давомида ҳаводан, қуруқликдан ва денгиздан уюштирилган ҳужумда 1000 дан зиёд бегуноҳ аҳоли вакили ҳаётдан кўз юмди.
“The Guardian” нашри ёзишича, Исроил ҳукумати варақа ташлаб, фаластинликларни кўчишга “даъват қилган” ва айни ҳудудлар кейин бомба остида қолган. Яъни, варақадаги чақириққа ишониб, кўчганлар ўлимга дуч келяпти. Дунё ҳамжамияти эса бундай “ўйин”дан ғазабда.
Ғазода уруш жиноятини дунёга эълон қилишга уринган ва халқаро қоидалар доирасида иммунитетга эга журналистлар фаолият кўрсатяпти. Афсуски, Исроил уларнинг иммунитетига ҳам қарамаяпти. Аксинча, журналистларни аниқ нишонга оляпти. Ҳудудда 55 кунда 73 нафар матбуот ходими ҳаётдан кўз юмди. Ачинарли рақамлар...

Турли даврларда кечган қонли урушларда ҳалок бўлган журналистлар сонини солиштириб кўрайлик: тахминан икки ой ичида Исроил кучларининг Ғазога ҳужуми чоғида нобуд бўлган матбуот ходимлари сони Иккинчи жаҳон уруши (1939-1945) давридаги миқдордан ошиб кетди.
Аҳоли, шунингдек матбуот вакиллари ва уларнинг оила аъзоларини нишонга олиш 7 октябрдан буён давом этяпти. Айнан журналистларнинг яшаш жойи, хонадонини йўқ қилишга уриниш сезилмоқда.

Маълумки, журналистлар ва оддий аҳолини қасддан нишонга олиш, халқаро гуманитар ҳуқуққа мувофиқ, уруш жинояти ҳисобланади. “Чегара билмас мухбирлар” 1 ноябрь кунги баёнотида Фаластиндаги зўравонлик чоғида журналистларга қарши содир этилган ҳарбий жиноятларни текшириш учун Халқаро жиноий судга мурожаат этганини маълум қилди. Буни қарангки, Исроил дастлабки кунларданоқ халқаро ахборот агентликларига баёнот бериб, Ғазо секторида фаолият юритаётган журналистлар хавфсизлиги кафолатланмаслигини билдирган.
Вашингтонда жойлашган матбуот эркинлигини ҳимоя қилувчи “Freedom Forum” жамғармаси ўн миллионлаб одам ҳаётига зомин бўлган ва замонавий дунё гувоҳи бўлган энг қонли уруш сифатида тан олинган Иккинчи жаҳон урушида 6 йилда 69 журналист ҳаётдан кўз юмган. АҚШнинг, тахминан, 20 йиллик Въетнам ишғолида 63, уч йил давом этган Корея урушида эса 17 нафар матбуот ходими ҳаётдан кўз юмган. Россия ва Украина ўртасида 2022 йил февраль ойида бошланган, қарийб икки йилдирки, тугамаётган урушда шу пайтгача 17 журналист ҳалок бўлган. Бу рақамлар ҳар қандай кишини ўйга солади. Исроил журналистлик мақомига қараб ўтирмаяпти, бу эса бутун дунёда тан олинган ҳуқуқий меъёрнинг бузилиши, дейиш мумкин. Исроил 7 октябрь куни Ғазо сектори ва Ливанга ҳужум бошлаганда ҳам журналистларни нишонга ола бошлади. Ҳамкасбларимиз ҳибсга олиш, цензура ва оила аъзоларининг ўлдирилиши каби машъум ҳодисаларга ҳамон дуч келмоқда.

Шу ўринда эътиборингизни яна мисолларга қаратамиз. “Анадолу” агентлиги фотомухбири Али Садаллоҳнинг Ғазодаги уйига 13 октябрь куни бомба ташланган. Ҳужум оқибатида Садаллоҳ оиласининг камида 8 аъзоси, жумладан отаси ва укаларидан ажралган.
Кейинроқ айнан журналистлар нишонга олинган ҳужумда “Reuters” ахборот агентлиги оператори Иссам Абдулла ўлдирилган, 6 нафар ОАВ аъзоси оғир яраланган. “Чегара билмас мухбирлар” билдиришича, “матбуот” белгиси аниқлигига қарамай, улар махсус снайпер томонидан нишонга олингани.
23 октябрь куни “Ал-Жазира” телевидениеси мухбири Воил Ал-Доҳдуҳнинг рафиқаси, ўғли, қизи ва 18 ойлик набираси – оиласидан жами 8 киши ҳаётдан кўз юмди.
1 ноябрь куни Хон Юнис шаҳри нишонга олинган бомбардимонда Фаластин телевидениеси мухбири Муҳаммад Абу Ҳаттоб ва унинг 11 нафар яқини ҳалок бўлди.
“Анадолу” оператори Муҳаммад Ал-Алул 5 ноябрь куни уюштирилган ҳужумдан сўнг 4 фарзанди ва 3 ака-укасини йўқотди.
Ғазо марказида жойлашган Ал-Бариж қочқинлар қўналғаси ва шимолдаги “Beyt Lahiye” минтақасида худди шу куни уйи нишонга олинган Ала Тоҳир Ал-Ҳасанат ва Оят Ҳаддура исмли аёл журналистлар бомбардимонда қолиб, ҳаёт билан видолашган. Оят Ҳаддура ўлими олдидан ишхонаси – “Alghad” телеканалига видео қўнғироқ қилиб, “Бу охирги материалим бўлиши мумкин”, деган.
Ғазонинг энг обрўли журналистларидан бири сифатида танилган Фаластин Матбуот уйи маъмурияти директори Билол Кадаллоҳ 23 ноябрь куни Исроил танкидан узилган тўп қурбонига айланди.

1 декабрь куни қайта бошланган ҳужумда “Анадолу” агентлиги мустақил мухбири ва оператори Мунтасир Ас-Саввоф журналистлик бурчини бажараётган эди. У билан бирга яна 3 журналист ҳалок бўлди. Яқиндагина Саввоф Исроил ҳужумида онаси, отаси ва кўплаб яқинларидан айрилган, ўзи ҳам яраланган эди.
Бундай даҳшатли рақамлар, мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Исроил нафақат журналистларни, балки йирик ахборот тарқатувчи манбаларни ҳам йўқ қилишга уринмоқда. Масалан, Фаластиннинг “Ал-Айём” газетаси, Ғазо радиоси, “Шаҳоб”, “Маън” ахборот агентликлари, Эрон давлат телевидениесига қарашли “Press TV” ва Ал-Аълам ҳамда Франциянинг “AFP” ахборот агентлиги қисман ёки бутунлай вайрон қилинган. Фаластин Журналистлар уюшмаси томонидан 28 ноябрь кунги ёзма баёнотида 7 октябрдан бери 41 журналист қўлга олингани, улардан фақат 12 нафари турли муддатда қўйиб юборилгани маълум қилинди. Исроил қамоқхоналарида эса ҳозиргача 44 нафар фаластинлик журналист сақланмоқда.
Булар фақат журналистлар билан боғлиқ ҳодисалар, холос. Ғазода ҳимояга муҳтож минглаб қариялар, оналар ва болалар қолмоқда.
Кенжа Бекжонов, ЎзА