Нефть-газ саноатида қазиб олиш ҳажмларини ошириш, мавжуд конлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда илғор технологияларни жорий этиш тармоқни барқарор ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу жиҳатдан, стратегик аҳамиятга эга Газли ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар углеводород ресурсларини самарали қазиб олиш, ишлаб чиқариш суръатларини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “United Energy Group Limited” компанияси раҳбарияти ўртасида ўтказилган ишчи учрашувда шу ҳақда сўз борди.
Учрашувда Газли ҳудудида жойлашган конларда углеводородлар қазиб олиш ҳажмларини оширишга қаратилган қўшма лойиҳанинг жорий ҳолати ҳамда уни амалга ошириш суръатлари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида томонлар лойиҳанинг самарали ва барқарор ижросини таъминлашга қаратилган стратегик йўналишлар, замонавий технологик ечимлар ҳамда молиявий-иқтисодий масалаларни атрофлича кўриб чиқди.
Учрашув якунида қўшма лойиҳани амалга ошириш ишларини янада жадаллаштириш, белгиланган кўрсаткичларга ўз вақтида эришиш ҳамда кейинги босқичдаги ҳаракатларни аниқ режалаштириш муҳимлигига урғу берилди.
Таъкидланганидек, қўшма лойиҳа доирасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, қазиб олиш ҳажмларини босқичма-босқич ошириш ҳамда кейинги босқичларда амалга ошириладиган ишлар бўйича аниқ ва мақсадли режаларни шакллантириш лойиҳанинг самарали ва барқарор ижросини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА