Хар бир давр, жамиятнинг ўзига хос ва мос нашрлари бўлади. Матбуот ҳар вақт жамият ҳаётида етакчи ўрин тутган. Инсонлар матбуот саҳифалари орқали дунёда содир бўлаётган янгиликлар, воқеа ва ҳодисалар, давлатлар ўртасидаги турли алоқаларни таҳлилий мақолалар, шарҳлар орқали мунтазам кузатиб келган. Бир сўз билан айтганда матбуот давлат бошқаруви билан аҳоли ўртасида кўприк вазифасини бажарган.
Хар бир давр, жамиятнинг ўзига хос ва мос нашрлари бўлади. Матбуот ҳар вақт жамият ҳаётида етакчи ўрин тутган. Инсонлар матбуот саҳифалари орқали дунёда содир бўлаётган янгиликлар, воқеа ва ҳодисалар, давлатлар ўртасидаги турли алоқаларни таҳлилий мақолалар, шарҳлар орқали мунтазам кузатиб келган. Бир сўз билан айтганда матбуот давлат бошқаруви билан аҳоли ўртасида кўприк вазифасини бажарган.
Сўнги пайтларда дунё шиддат билан ўзгариб бормоқда. Ўзгариш ва янгиланишларни инсонлар бирини билиб биридан хабарсиз қолмоқда. Бундай пайтда матбуотнинг ўрни нақадар катта эканини пайқаш қийин эмас. Ўз-ўзидан савол туғилади. Ҳозирда жамият ҳаётидаги ўзгаришларни ёритишда матбуот олдинги сафларда бўлиши керак деган тушунча қай даражада ўзини оқламоқда.
Инсонларда дунёқараш кенгайди. Оламга жар солган техника асри аллақачон ҳамма соҳалар қатори матбуот тизимига ҳам шиддат билан кириб келган. Турли ижтимоий тармоқлар киши онгини бир сонияда забт этмоқда. Ўз навбатида матбуот, айниқса, ноширлик тизимига ҳам сезиларли таъсир кўрсата бошлади. Инсонлар янгиликлардан ижтимоий тармоқлар орқали тезкор хабардор бўлмоқда. Илгари қандай бўлган. Газета ва журналлар адади кўп бўлиш билан бирга хонадонларга мунтазам етиб борган. Ўша пайтда аҳоли сони ҳозирдагига нисбатан анча кам эди.
Бугунги кунда аҳоли сони кескин ўсмоқда. Катта кучга эга бўлган ёш авлод ҳаётга шахдам қадамлар билан кириб келмоқда. Ўз-ўзидан маълумки китоб ва даврий нашрларга бўлган эҳтиёж ҳам ортиши керак эди. Аслида эса бундай эмас. Биз китоб, газета ўқишдан узоқлашиб қоляпмиз. Бунга техника асрини сабаб қилишимиз мумкин. Лекин масалага бир ёқлама қарамаслигимиз лозим. Ўқувчи доим ўзига керакли бўлган нашрни, албатта, излайди, топади, ўқийди.
Даврий нашрларни варақлаб, уларнинг ададига кўзим тушиб ажабланаман. Анча илгари нашр этилган газеталар билан ҳозиргиларини орасида ер билан осмонча фарқ бор. Бу бугунги кундаги янгилик эмас. Ҳозирда чоп этилаётган газеталарнинг айримларида танқидий материалларни ўқиб қолишингиз мумкиндир. Кичкина қиёслаш. Ёш бола бир айб қилса катталар танбеҳ беради, тўғри йўлга солади. Шундан сўнг болада бошқача тушунча пайдо бўлади. Тўғри билан нотўғри ишни фарқлаб келажакда ундан хулоса чиқариб иш тутади. Матбуотдаги танқид келажакда мамлакат ривожига ҳисса қўшиши бор гап. Аммо, бизда “Юз амри ширин” қабилидаги фикр устун туради ва шу билан бирга бошқа “нозик тушунча” мавжуд. Шунинг учун танқид матбуот саҳифаларидаги ўз ўрнини сохта мақтовларга бўшатиб берди. Газеталар бир-бирини такрорловчи мақолалар билан банд. Ижтимоий тармоқлар орқали берилаётган турли танқидларга келсак ўқувчи саёз дид билан кўздан кечиради қўяди. Ҳозирги замон ўқувчиси эса, анча зийрак, билимли, қизиқувчан.
Шу ўринда бир воқеани эсга олгим келди. Олийгоҳда ўқиб юрган чоғимда устозлар газета нашр этиш техникаси ҳақида билим бериш жараёнида бир қизиқарли мисолни айтган эди. Ўша пайтда Россияда чоп этиладиган “Правда” ва “Известия” газеталари пойтахт матбуот дўконларида тонг саҳардан бошлаб сотувга чиқишини айтган эди. Тонгда Чорсу бозорига борган харидорга эса, ҳали ўқилмаган ўша газетага гўшт ўраб беришини шу қадар таъсирли қилиб тасвирлаб бергани ҳали ҳам ёдимда.
Бир куни айрим ҳужжатларни излаб уйдаги мўъжазгина кутубхонага кирдим. Шу баҳона турли нашрларни кўздан кўчиришга тўғри келди. “Фан ва турмуш”, “Саодат”, “Муштум” номли журналлар ва бир қанча нашрларни кузатиб, ахтараётган ҳужжатлар ҳам ёддан чиқиб кетди. Бутун вужудим билан ўша даврга саёҳат қилдим.
Онам бир умр далада ишчи бўлиб меҳнат қилган. Деҳқоннинг қўлига оладиган маоши сариқ чақа бўлган. “Ойлик маошим кам чиқибди, бригадирдан нега кам десам, журналга, газетага босиб қолибди” деган гапни йилда бир эшитардик ва уйимизга ўша пайтда беш номдаги газета ва уч номдаги журнал мунтазам келарди. Яна бир гап, маҳалламиздаги почта тизими аниқ ишларди. Айтмоқчи бўлган гапим шуки, ўша пайтда истаймизми йўқми газета ва журнал ҳар бир хонадонга кириб борган.
Ҳозирги кунда нашр этилаётган газеталарнинг айримлари, мисол учун, “Янги Ўзбекистон” – 44891, “Правда востока” – 17588, “Халқ сўзи” – 18433, “Народное слова” – 4134, “Ишонч” – 35087, “Ҳуррият” – 4000, “Овози тожик” – 4250, “Маърифат” – 6740, “Нурлы жол” – 4213, “Ўзбекистон овози” – 3557, “Жадид” – (лот) 11905, (кирил) 5870, шунингдек, Тошкент вилоятининг “Тошкент ҳақиқати” – 5500, Сирдарё вилоятининг “Янги Сирдарё” – 1000, Жиззах вилоятининг “Жиззах ҳақиқати” – 13235, Наманган вилоятининг “Наманган ҳақиқати” – 10572 нусхада чоп этилмоқда. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Ҳозирда айрим ўзгаришлар бўлиши ҳам мумкин бўлган нашрларнинг электрон кўриниши ҳам бор, албатта. Бугунги кунда 36 миллиондан зиёд аҳолиси бўлган миллат учун бу кўрсатгичлар кам эмасмикан деган савол туғилиши табиий. Бир пайтлар ҳамма севиб мутолаа қилган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси салкам 850 мингга яқин нусхада чоп этилган эди. Газета даврнинг энг долзарб масалаларини, муаммоларини саҳифаларида жойлаган. Давлат тилини улуғлашга бағишланган, пахта масаласига оид, атроф софлиги, оиладаги ноҳақликлар, мазмунсиз Афғон уруши, Орол фожиаси, ҳайвонот, ўсимлик дунёси муаммолари, яна бир қатор даврнинг оғриқли масалалари ҳақидаги танқидий ва таҳлилий мақолаларни газетхон кутган. Бугун буларни ҳаммаси тарихга айланди...
Бугун жамиятда бу каби муаммолар йўқми деган савол туғилиши табиий ҳол. Балким... Республикамизда турли номдаги давлат ва тармоқ газеталар нашр этилади. Шунингдек, ҳар бир вилоят ва туман газеталари ҳам ўз олдидаги вазифасини баҳоли қудрат бажариб келмоқда. Аммо, сўнги йилларда барча даврий нашрларда, десак тўғри бўлади обуна кескин камайди. Бунинг сабаби юқоридаги билдирилган айрим мулоҳазаларда ҳам бўлиши мумкин.
Президентимиз Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисида: “Ҳозирги вақтда матбуот нашрларининг обунаси билан боғлиқ айрим муаммолар мавжудлигини биламиз. 2022 йил 27 июндаги Президент қарорида бюджет ташкилотларига кутубхона фонди харажатлари орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади, деб кўрсатилган. Демак, масаланинг аниқ ечими бор. Фақат буни амалга оширишимиз керак” – деган фикрни илгари сурди.
Юрт эгаси бош қўшган тизим, албатта, ривожланмоқда. Энди муаммолар бартараф этилишига ишонч пайдо бўлди. Нашрлар сафига “Жадид” номи билан янги газета қўшилди. Бу газета адабиёт, маданият, маърифат, сиёсат бобидаги янги қарашлар билан ўз ўқувчисини топади, албатта.
Ёш авлод тарбияси учун нашрларнинг ўрни катта. Чунки матбуот ўз номи билан тўртинчи ҳокимият саналади. Қалами кескир журналистлар сафида ёш қалам аҳлининг ўрни ҳам салоҳияти ҳам ўзига яраша бўлади. Майдонга ўктам нигоҳлар билан кириб келаётган ёшларга матбуот доим мадад бўлган. Мамлакат доим ёшларга ишонган. Буни оқлаш уларнинг зиммасидаги муқаддас бурч бўлмоғи лозим.
Асрор Сулаймонов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.