Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларни олдини олиш мақсадида жойларда рейд тадбирлари давом этмоқда. Навбатдаги жараёнлар Бухоро вилоятининг Вобкент ва Шофиркон туманларида ўтказилиб, аниқланган барча ҳолатлар юзасидан далолатномалар расмийлаштирилди.
Жумладан, Вобкент тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Қ.Н. ҳисоблагичдан ташқари резина шланг орқали тармоққа уланиб, 60 миллион 457 минг сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди.

Шофиркон тумани “Калон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Қ.С. хонадонида ҳам худди шундай қоидабузарлик қайд этилган. Ҳолат бўйича 45 миллион 510 минг сўм зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Ушбу туманнинг “Хўжа Ориф” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро М.Б. ҳам газ ҳисоблаш ускунасидан ташқари визуал аниқлаб бўлмайдиган йўллар билан табиий газ тармоғига уланиб, 70 миллион 497 минг сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган.
Юқоридаги ҳолатлар бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.