Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Газчиларнинг фарзандлари ёзги оромгоҳларда ҳордиқ чиқармоқда
16:11 / 2025-06-12

Мактабларда ўқув йили якунланиб, ўқувчилар ёзги таътилга чиқди. Болажонларнинг дам олиш мавсумини сермазмун, мароқли ўтказиши учун оромгоҳларда янги дўстлар билан кўнгилочар ўйинлар ва унутилмас таассуротларга бой тадбирлар ўтказилиши режалаштирган. 

Сурхондарё вилоятида “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали раҳбарияти ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси жамоа фарзандларининг ёзги таътилни мароқли ўтказишига алоҳида эътибор бериб, уларнинг турли оромгоҳларда дам олишини ташкил этади. Бу йил мавсумнинг илк ойидан филиал ва ҳудудлардаги газ таъминоти бўлимларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг 77 нафар фарзанди ҳордиқ чиқариб, соғломлашиши учун энг хушманзара оромгоҳларга кузатилди. 

Айни кунларда сурхондарёлик фидойи газчилар ўғил-қизларининг 61 нафари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Зангори олов” болалар оромгоҳида дам олмоқда. 16 нафари Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги “Бешбулоқ” болалар дам олиш оромгоҳида ёзги таътилни мазмунли ва фойдали ўтказмоқда. Бетакрор табиат манзаралари, салқин ҳавоси, замонавий инфратузилмаси билан танилган иккала сўлим оромгоҳда ҳам ўқувчилар учун барча шароит яратилган. 

– Ишчи-ходимлар ва уларнинг фарзандлари учун ғамхўрлик қилишни муҳим вазифа сифатида белгилаб олганмиз, – дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали бошланғич касаба уюшмаси раиси Али Қобилов. –Ҳар биримиз ўғил-қизларнинг соғлом, бахтли ва билимли бўлиб улғайишини истаймиз. Оромгоҳларда болалар нафақат дам олади, балки ҳаётий сабоқлар, мустақил фикрлаш, жамоада яшаш каби кўникмаларни ҳам ўзлаштиради. Бу уларнинг келажакда баркамол шахс бўлиб вояга етишида муҳим омил бўлади. Фарзандларимиз дам олаётган сўлим ва хушманзара масканларда уларнинг қулай шароитда яшаши, сифатли овқатланиши, маданий ҳордиқ ва спорт машғулотлари билан шуғулланиши учун барча имконият бор. Турли тўгараклар, танловлар, ижодий кечалар, театр саҳналари, спорт мусобақалари орқали ўз иқтидор ва истеъдодларини кенг намоён этади.

 – Ишимизнинг масъулияти оғир, – дейди Қумқўрғон туманида меҳнат қиладиган газчи Жаҳонгир Якубов. – Болажонларимизга кўрсатилаётган меҳрибонликлар кундалик ишимизни самарали ташкил этишга ундайди. Чунки биз фарзандларимизнинг дам олиш фаслини қандай ўтказиши ҳақида кўп ҳам ўйламаймиз. Корхонамизнинг ўзи ташкиллаштиради. Бу йил ҳам шу анъана асосида фарзандим оромгоҳда мириқиб дам олмоқда. Ҳар куни кечки пайт телефон орқали таассуротларини ҳаяжон билан сўзлаб беради.

 Келгуси мавсумда вилоятдаги газчиларнинг яна юздан ортиқ фарзанди сўлим оромгоҳларга йўл олади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири