Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Газ”чилар спорт майдонида
16:45 / 2025-12-19

Наманган шаҳрида Президентимизнинг 2024 йил 4 декабрдаги “Жамоавий спорт турларини ривожлантириш ва иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали ташаббуси билан филиал ҳамда унинг шаҳар ва туман бўлимлари ишчи-ходимлари ўртасида спортнинг шахмат, стол тенниси турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.

Қизғин ва муросасиз кечган турнирда, “ақл жанги”да “Чуст тумангаз” газ таъминоти бўлими ходими Илҳом Арслонов, “Чортоқ тумангаз” газ таъминоти бўлими ходими Адҳам Акбаров, “Наманган тумангаз” газ таъминоти бўлими ходими Зуҳриддин Салимов ғолиб бўлди. 

Стол тенниси беллашувида моҳирлиги ва чаққонлиги билан ажралиб турган “Косонсой тумангаз” газ таъминоти бўлими ходими Нуриддинхон Каримов, “Чортоқ тумангаз” газ таъминоти бўлими ходими Илёсжон Умурзоқов ҳамда “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали ходими Бахтиёр Отабоев юқори ўринларга сазовор бўлишди. 

Тантанали тақдирлаш маросимида ҳар бир ўрин соҳиблари муносиб равишда рағбатлантирилди. Таъкидлаш жоиз, филиал маъмурияти ҳамда бошланғич касаба уюшмаси ҳамкорлигида ташкилланган хайрия тадбирида кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари жамланиб, тизим ташкилотларидаги 14 нафар ногиронлиги бўлган ва бемор ишчи-ходим ҳолидан хабар олинди. 

– Бундай ташаббуслар нафақат ходимлар ўртасида бирдамликни мустаҳкамлайди, балки жамиятда инсон қадрини улуғлаш, меҳр-оқибатни улашиш каби эзгу тушунчаларни янада юксалтиради. Зеро, инсонни инсон қиладиган энг юксак фазилат бу меҳр-мурувватдир, – дейди “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали бошланғич касаба уюшмаси раиси Абдулбосит Собиров. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.