Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Ғазал ғизоли"нинг тақдимот маросимидан фоторепортаж
19:28 / 2022-02-18

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ҳамкорлигида “Ғазал ғизоли” баёзининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунос олимлар, баёзга ғазаллари кирган муаллифлар, ёш ижодкорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мазкур тўпламда замондош шоирларимизнинг ғазалиётидан намуналар жамланган. Минг йиллик тарихга эга бўлган ғазал бугунги кунда ҳам инсоннинг қувончу қайғуси, ташвиш ва изтироблари, умид ва шодликлари, орзу ва армонларини ифодалаш учун муҳим бадиий восита сифатида миллий адабиётимизда ўзига хос ўринга эга.

Ушбу китоб 2021 йилда “Адабиёт” нашриётида чоп этилган. Унга Олимжон Давлатов масъул муҳаррирлик қилган. Ғоя муаллифи Рустам Мирвоҳид. Тўплаб, нашрга тайёрловчи Шоира Шамс. “Ғазал ғизоли”, деб номланган баёз аруз вазнида қалам тебратаётган замондош шоирларимизнинг ижодини англаш учун яхши кўмакчи воситадир, дея таъкидланди. Шуни айтиш лозимки, ўтган асрнинг 40-50-йилларида аруз вазнида шеър ёзиш қайта жонланган бўлиб, муносабат ҳам шунга яраша мураккаб тус олганди. Бир томондан, Алишер Навоий юбилейи муносабати билан аруз вазнида ёзилган шеърларга хайрихоҳлик қувват олган бўлса, иккинчи томондан эса арузга ўтмишга айланган қадрсиз қадрият, музей экспонати сифатида қараш устуворлик касб қила бошлаганди. Аммо ўзбек ижодкорлари улуғ шоирларимиз қолдирган арузни ривожлантириб, гўзал асарлар яратишга эришдилар. Чустий, Васфий, Собир Абдулла қаторига Эркин Воҳидов, Жамол Камол, Омон Матчонлар қўшилгани ёдга олинди.

[gallery-5817]

Тақдимотда сўзга чиққанлар “Ёшлик девони”дан кейинги даврда яратилган ғазалчилик, арузда қалам тебратаётган шоирлар ижодини саралаш, уларни адабий танқид ғалвиридан ўтказиб, ютуқ ва камчиликларини муҳокама этиш жараёнини яна жонлантириш зарурлигини айтиб ўтишди. Ушбу баёздан ўрин олган Жамол Камолнинг “Ёлғон гапирмаслик”, Мирзо Кенжабекнинг “Ибодатдир”, Сирожиддин Саййиднинг “Куйдим” радифли ғазаллари халқимизнинг маънавий бойлигига айланиб, мумтоз ғазалчиликка бўйлашадиган асарлар экани алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, ёш истеъдодларнинг Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий шеъриятидан илҳомланиб, бугунги давр нафасини кўп асрлик аруз вазнида ифода этишга ҳаракат қилишаётгани эса адабиётимизда ворисийлик силсиласида катта кўприк вазифасини ўтайди.

Сўзга чиққанлар “Ғазал ғизоли”нинг жамиятимиз ҳаётида тутадиган ўрни ҳақида гапирди ва китобдан ўрин олган ғазаллардан парчалар ўқиб берди. Хонандалар ижросида янграган куй ва ғазаллар даврага ажиб бир руҳ бахш этди.

Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА