Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғазаб ва саволлар: Гонконгдаги фожиа кутилганмиди?
14:54 / 2025-11-28

Гонконгни ларзага солган, сўнгги ўн йилликларда энг даҳшатли ҳисобланган ёнғин ортидан шаҳар бўйлаб ғазаб ҳисси ва саволлар тўлқини кўтарилди. “Wang Fuk Court” турар-жой мажмуасида келиб чиққан ёнғин камида 94 кишининг ҳаётига зомин бўлди, ўнлаб фуқаро оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Ҳамон 300 га яқин инсоннинг тақдири номаълум экани фожианинг даҳшатидан дарак бермоқда.

Ҳодиса 1962 йилдаги “Sham Shui Po” ҳалокатини ҳам ортда қолдириб, Гонконг тарихидаги энг улкан фожиалардан бирига айланди. Мутасаддилар дастлабки тергов натижасига таяниб, олов ўта тез тарқалишига бинодаги сифатсиз, ёнувчан елим ва тўр материаллар, шунингдек бамбукдан ясалган қўшимча қурилмалар сабаб бўлганини айтмоқда. Эндиликда кўпчилик бу воқеани “тасодифий фожиа” эмас, балки инсон қўли билан юзага келтирилган ҳалокат сифатида баҳоламоқда.

Айни пайт уч нафар қурилиш масъули “manslaughter” – эҳтиётсизлик туфайли одам ўлдириш айби билан ҳибсга олинган. Коррупция идораси ҳам алоҳида суриштирув бошлади. Жуда кўп фуқаролар ёнғин вақти огоҳлик қўнғироғи ишламагани, таъмирлаш ишлари давомида сигнализация ўчириб қўйилгани, қурувчилар сифатсиз материаллардан фойдаланганини айтмоқда.

Мазкур ҳудуд тахминан 4 600 аҳолига макон, улардан қарийб 40 фоизи кексалар. Айни ҳолат, қолаверса тор хоналар, зич яшаш шароити ва ёнғинга чидамсиз материаллар қутқарув жараёнини янада мураккаблаштирган.

Ҳозир юзлаб фуқаро вақтинча бошпанага кўчирилди, ўнлаб оила уйсиз қолди. Маҳаллий аҳоли аввал ҳам бунёдкорлик лойиҳалари шаффоф эмаслиги, нарх асоссиз равишда баландлиги, хавфсизлик масаласи назарда тутилмаётгани билан боғлиқ эътирозларни билдирган. Бундай хавотирлар эътиборсиз қолдирилгани яна бир жиддий саволни туғдирмоқда: фожиага кимнинг бепарволиги сабаб?

Мутахассислар таъкидича, Гонконгда бамбук устундан фойдаланиш кенг тарқалган бўлса-да, тез ёнувчан ушбу модда ўта хавфли. Ўтган ой марказий туманда бамбук тўсин ёнгач, йирик ёнғин келиб чиққани ҳам эсланди. Демак, вазият шаҳар бўйлаб бу борада тизимли муаммо мавжудлигига ишора қилмоқда.

Ҳукумат барча йирик таъмир ишлари олиб борилаётган турар-жой мажмуаларида зудлик билан текширув бошланишини эълон қилди. Омон қолганларнинг аксари бир фикрни таъкидлаяпти: ҳалокатдан бир неча ой олдин огоҳлантирган бўлишса-да, ҳеч ким одамлар овозига қулоқ тутмаган. Энди маҳаллий аҳоли адолат ва ислоҳот талаб қилмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА