Газ жиҳозлари ва ускуналарини техник ҳамда профилактик кўрикдан ўтказиш уларнинг носозлигини вақтида бартараф этиш ҳамда турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига кўра, “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ҳамда унинг шаҳар ва туман газ идоралари томонидан тасдиқлаган жадваллар ҳамда тарифлар бўйича истеъмолчиларнинг ички газ тармоқлари ва газ жиҳозларига профилактик хизмат кўрсатилиб келинмоқда.
Қарорда кўп қаватли турар жойлардаги газ плиталар, бошқа газ ускуналари мавжуд бўлмаганда икки йилда бир марта, турар жойлардаги газ плиталари, иситиш, сув иситиш ускуналари йилда бир марта ва ҳар бир иситиш мавсуми бошланишидан аввал мутахассис кўригидан ўтказилиши мажбурий қилиб белгилаб қўйилган.

– Вилоят бўйича 121011 истеъмолчи мавжуд, – дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалининг сервис хизматини ривожлантириш бўлими етакчи муҳандиси Фахриддин Жумаев. – Жорий йилнинг май ойида 3717 аҳоли хонадонлари газ жиҳозлари профилактик кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 514 таси кўп қаватли уйлар ва 3098 таси ҳовли хонадонларига тўғри келади. Бундан ташқари, 565 таси кўп қаватли уйлар ҳамда 5126 ҳовли турар-жойларида истиқомат қилувчи истеъмолчилар газ ускуналарига техник хизмат кўрсатилди.
Техник ва профилактик кўрикда шаффофликни таъминлаш мақсадида чилангарлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳақидаги маълумотлар “HGT Servis” дастурига киритилмоқда. Ушбу дастурга кўрсатилган хизмат ҳақида маълумот киритилгач, хизмат ҳақи автоматик ҳисоб-китоб қилинади. Бу эса истеъмолчига техник хизмат тўловини онлайн тўлаш имконини беради.
Айни пайтда чилангарлар томонидан аҳоли хонадонларидан ташқари, улгуржи истеъмолчилар газ жиҳозлари ва ускуналарига ҳам сервис хизмати кўрсатиб келинмоқда.
А.Бўриев, ЎзА