Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Газ захираларини кўпайтириш мақсадида геология-қидирув ишлари бўйича ўн йиллик дастур ишлаб чиқишни бошладик”
14:01 / 2022-12-21

Муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини катта қизиқиш билан тингладик ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан бажарилиши лозим бўлган барча вазифаларни белгилаб олдик.  

Президентимиз Мурожаатномада юртимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим йўналишлари хусусида эътиборга молик таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, 2023 йил мамлакатимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилингани мени ҳам беҳад қувонтирди.  

Давлатимиз раҳбари кўп йиллар давомида янги газ конларига инвестиция киритилмагани, электр ва газ тармоқлари модернизация қилинмаганини таъкидлаб, газ захираларини кўпайтириш мақсадида геология-қидирув ишлари бўйича ўн йиллик дастур қабул қилинишини қайд этди.  

“Ўзбекнефтгаз” АЖ олдига қўйилган бу вазифаларни бажариш учун бугундан олдимизга аниқ мақсадларни қўйиб олдик ҳамда нефть ва газ геология-қидирув ишларининг 10 йиллик дастурини ишлаб чиқишни бошладик.  

“Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть ва газ геология-қидирув ишларининг режаларига асосан келгуси 10 йиллик дастур доирасида 15,6 минг кв. км 3Д сейcмик-қидирув ишларини бажариш, 211 та янги майдонларни бурғилашга киритиш, 1700 минг метр излов-қидирув бурғилаш ишларини бажариш ва 530 та янги қудуқларни бурғилаш, ушбу тадбирларни молиялаштиришга қарийб 3,4 миллиард доллар маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.  

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан келгуси 10 йил давомида юқоридаги тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш натижасида 40 дан ортиқ янги углеводород конларини очиш ҳамда 365 миллиард куб метр табиий газ ва 16 миллион тонна суюқ углеводород захираларини ўстириш кўзда тутилган.  

Ушбу давр мобайнида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича углеводород қазиб чиқариш ҳажмларининг ўрнини янги захиралар билан 100 фоиз қоплаб бериш ва бу орқали Республика углеводород хомашё захиралари балансини қайта тиклаш, шунингдек аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва саноат корхоналарини узлуксиз равишда ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаб бериш учун арзон ва етарли хомашё захираларини яратиш мақсад қилинган.  

Президентимиз Мурожаатномада яна бир ўта муҳим масалага эътибор қаратдилар. Яъни, геология-қидирув ишлари олиб борилишида янги технологияларни жорий этиб, илк бор чуқур қатламларда газ қазиб чиқариш ишларини бошлаймиз. Жумладан, Устюртнинг юқори истиқболга эга чуқур қатламларида қидирув ишларига нуфузли хорижий инвесторлар жалб қилинади, деб таъкидладилар.  

Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть ва газ геология-қидирув ишларини асосан, Устюрт регионининг 6 километр ва ундан ортиқ  Бухоро-Хива ҳудудининг 4,5-6 километр чуқурликларда жойлашган майдонларнинг истиқболларини ўзлаштириш йўналишларида ташкил қилишни режалаштириб олдик.  

Ушбу мақсадларда ҳозирнинг ўзидаёқ жамият томонидан 2023 йилда Устюрт ҳудудининг 6 минг метр ва ундан ортиқ чуқурликдаги янги истиқболларни ўрганиш мақсадида Ғарбий Қуйи Сургил, Қуйи Шарқий Бердах, Келажак, Аспантай ва Арслон каби майдонларда чуқурлиги 6,5 минг метргача бўлган янги қудуқларни боқичма-босқич бурғилаш ишларини бошлаш бўйича рақамли моделлаштириш ва лойиҳалаштириш ишлари якунланди.  

Геология қўмитаси, Schlumberger, BCG билан ҳамкорликда Устюрт ҳудудида 6 минг метргача чуқурликдаги башорат қилинаётган 1,5 триллион куб метр атрофидаги углеводород ресурсларини тасдиқлаш бўйича ишлар олиб борилади.  

Мурожаатномада қайд этилганидек, маҳаллий ва хорижий компанияларга газ қазиб чиқаришга олдин берилган барча лицензиялар қайта кўриб чиқилади. Бу эса самарасиз ишлаётган компанияларнинг фаолиятини қайта кўриб чиқиш ҳамда улар томонидан узоқ йиллардан бери ҳеч қандай амалий ишлар бажарилмаётган блокларни ҳақиқий маънода ишлатишга ва сармоя киритишга катта қизиқиш билдираётган компанияларга геология-қидирув ишларини амалга ошириш учун бериш имконини беради.  

Натижада республикамизда геология-қидирув ишларини янада жадаллаштириш, янги технологияларни жорий қилган ҳолда, чуқур қатламларни ўрганиш, истиқболли бўлган янги конларни топишга катта туртки бўлади.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномада таъкидлаб ўтган фикрлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоаси зиммасига улкан масъулият юклайди ва дастурлар яна бир бор қайта кўриб чиқилади.  

 

Меҳриддин АБДУЛЛАЕВ ,  

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси  

ЎзА