Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Газ йўқотишларини камайтириш бўйича молиявий механизмлар ишлаб чиқилмоқда
11:59 / 2025-12-20

Маълумки, газ соҳасида энергия самарадорлигини ошириш ва атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли газлар ҳажмини қисқартириш бугунги кундаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Айниқса, табиий газни ташиш ва тақсимлаш жараёнида юзага келаётган сизиб чиқишлар иқтисодий йўқотишлар билан бирга, метан чиқиндилари ортишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу нуқтаи назардан, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар газ инфратузилмасини модернизация қилиш, техник йўқотишларни камайтириш ва барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга ошираётган "Ўзбекистонда газ сизиб чиқишларини бартараф этиш" лойиҳаси доирасида ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз борди.

Унда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, "Ўзтрансгаз" АЖ ҳамда Жаҳон банкининг масъул ходимлари ва мутахассислари иштирок этди.

Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикасида газ сизиб чиқишларини бартараф этишга қаратилган лойиҳани амалга ошириш бўйича асосий институционал ва молиявий масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, лойиҳа доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда "Ўзтрансгаз" АЖнинг роли ва масъулияти, газ сизиб чиқишни аниқлаш ва таъмирлаш ишларини режалаштириш, ушбу ишларни скринингдан ўтказиш, шунингдек, грант маблағларини ажратиш ва ўзлаштириш механизмлари юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқот чоғида газ йўқотишлари қисқариши натижасида юзага келадиган молиявий тежамкорликни мустақил верификация қилиш, ушбу тежамкорликни махсус жамғариб бориладиган ҳисобда тўплаш ва кейинчалик қайта инвестиция қилиш механизми ҳамда унинг газ тарифлари билан ўзаро боғлиқлиги бўйича ёндашувлар таҳлил қилинди.

Вазирлик ахборот хизматига кўра, лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистон газ секторида "Ўзтрансгаз" АЖ тасарруфидаги мавжуд активларда газ сизиб чиқишларини бартараф этиш туфайли назоратсиз метан чиқиндилари ва техник йўқотишларни сезиларли даражада қисқартириш, шунингдек, қайта тикланган газдан олинган молиявий тежамкорликни қайта инвестиция қилиш бўйича қўшимча капитални сафарбар этишни таъминлашдан иборат.

Таъкидланишича, лойиҳа Ўзбекистон газ секторидаги давлат операторларига қарашли мавжуд активлардаги сизиб чиқишларни бартараф этиш учун молиявий фонд - "Gas Leakage Financial Facility"ни ташкил этишни назарда тутади. Мазкур молиявий фонд ўз фаолиятини Жаҳон банки томонидан ажратиладиган 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги дастлабки грант маблағлари билан бошлайди.

Ушбу маблағлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан метан чиқиндиларини камайтиришга қаратилган таъмирлаш ишларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Учрашув якунида томонлар лойиҳани амалга оширишга оид якуний ҳужжатлар, жумладан, грант келишуви ҳамда ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан келишиб олди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА