Мамлакатимиз нефть ва газ саноати иқтисодиётимиз учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, энергия хавфсизлиги ва барқарор ривожланишнинг асосий таянчи ҳисобланади.
Шу сабабли, “Ўзбекнефтгаз” АЖ нафақат ички истеъмолни таъминлаш, балки экспорт салоҳиятини кенгайтириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва энергия тежамкорликни таъминлашга кенг эътибор қаратмоқда.
Жамият бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов раҳбарлигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда 2026 йилга мўлжалланган режалар ва йил якуни муҳокама қилинди. Унда ишлаб чиқариш ҳажмлари, иқтисодий самарадорлик, маҳсулот таннархини камайтириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, геология-қидирув ва қурилиш ишларини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Тизимдаги бошқарма ва заводлар раҳбарлари кутилган углеводород қазиб чиқариш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳамда 2026 йил режалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этди. Бошқарув раиси ҳисоботларни таҳлил қилиш, бизнес режаларни қайта кўриб чиқиш ва даромад-харажатлар балансини мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлади. Ҳар бир раҳбарнинг масъулиятини ошириш эса асосий вазифа сифатида белгиланди.
Ушбу йиғилишда республика аҳолисига суюлтирилган газ ва нефть маҳсулотларини узлуксиз ва барқарор етказиб бериш алоҳида қайд этилди. Шунингдек, хорижий ва қўшма корхоналар билан тузилган шартномаларни танқидий таҳлил қилиш ва маҳсулот етказиб беришдаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Йиғилишда 2026 йилги иқтисодий режаларни бошқарув раиси ва департамент раҳбарлари ҳузурида шахсан тақдим этиш ва ҳимоя қилиш амалиёти жорий этилиши эълон қилинди. Шунингдек, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ички харажатларни қисқартириш ва ходимлар фаолиятини халқаро стандартларга мослаштириш вазифалари устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА