French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Газ тўлдириш шохобчаси мавсумга тайёр
14:36 / 2025-11-27

2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш ҳар бир тизим эгалари олдига қатор вазифаларни қўяди. Ўз навбатида газ таъминотида ҳам куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди. Мавсумда истеъмолчиларга табиий ва суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш, узилишлар бўлишига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.

Навоий вилояти Навбаҳор туманида суюлтирилган газ истеъмолчилари 19 минг 616 тани ташкил этади. Ҳудудда “Навбаҳор” газ тўлдириш шохобчаси жойлашган бўлиб, аҳолига суюлтирилган газ ушбу шохобча орқали етказиб берилади. Бу ерда истеъмолчилардан бўшаб олиб келинган газ баллонлар оғир қолдиқдан тозаланади. Сўнгра тарозига қўйилиб, белгиланган килограммда суюлтирилган газга тўлдирилади. Шундан кейин режа-жадвалга кўра, маҳаллаларга маиший газ баллон етказиб бериш жараёнлари бошланади. Албатта, бунда иш жараёни масъулият ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилинган ҳолда ташкил этилади.

– Газ тўлдириш шохобчамизни кунлик қабул қилиш қувввати 45 тоннани ташкил қилади, – дейди шохобча меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги муҳандиси Ўткир Ҳожиев. – Кунига 18,5 тоннагача суюлтирилган газ маиший газ баллонларда аҳолига етказиб берилади. Бу учун бешта махсус “ISUZU” транспорт воситалари жалб этилган. Газ тўлдириш шохобчамиз куз-мавсуми учун тайёр ҳолга келтирилган. Машиналар техник созлиги кўздан кечирилган. Шу билан бирга куз-қиш мавсуми учун 105 та захира газ баллонларимиз мавжуд. 

Навбаҳорликларга ўтган октябрь ойида 210 тонна, ноябрь ойининг шу даврига қадар эса 158 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири